Жамият, Сиёсат - 15:50 · 16.05.2022

«Ўзбекистонда эски даврни акс эттирувчи ҳолатларни ҳам кўриб турибмиз» — Дэниел Розенблюм

Тошкентда 16 май куни бошланган «Декларациялар мулоқоти» халқаро форумида АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм сўнгги йилларда мамлакатда диний бағрикенглик борасида кўплаб қилинган ишлар ҳақида гапириб, бироқ эски даврни акс эттирувчи ҳолатлар ҳам учраб турганини таъкидлади. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти

Қайд этилишича, Дэниел Розенблюм форум аввалидаги нутқи давомида элчихона бундай мулоқотларда бир неча маротаба иштирок этиб келаётганини, 3 йил фаолияти давомида мамлакатлар ўртасидаги мулоқотларнинг кенгайганини таъкидлаган. Ўзини Ўзбекистоннинг дўсти, деб ҳисоблашини айтиб ўтган.

«Биласизки, АҚШ тазйиқдан қочган диний ташкилотлар учун бошпана ҳисобланади. Хусусан, диний эркинлик америкаликлар учун ҳам муҳим ҳисобланади. Йиллар давомида биз ташқи сиёсатимизда буни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратдик. Давлат департаменти ҳар йили дунёдаги диний эркинлик борасида ҳисобот бериб боради. Бу билан биз мукаммалмиз, бошқаларга ўргатяпмиз демоқчи эмасмиз. Албатта, бизда ҳам бағрикенгликни олдинги суриш бўйича қиладиган ишларимиз жуда кўп.

Ўзбекистонга келадиган бўлсак, мамлакатда 2016 йилдан буён жуда катта ўзгаришлар бўлди. 2020 йилда Ўзбекистон диний эркинликни чеклаш борасида махсус кузатиб бориладиган мамлакатлар рўйхатдан чиқариб ташланди. Бу ўтган давр мобайнида Ўзбекистон ҳукумати томонидан қилинган ишларнинг натижасини кўрсатади. Шунингдек, юзлаб сиёсий ва диний махбусларнинг эркинликка чиқарилиши ҳам бунга мисол бўла олади.

Кичик диний гуруҳларнинг рейдлари ҳам тўхтатилди. Бу эса диний эркинлик борасида жуда муҳим қадамлардан эди. Ўзбекистон ҳукумати диний эркинлик борасидаги нозик масалаларни ҳам халқаро ҳамжамият билан муҳокама қилишга тайёрлигини кўрсатди. АҚШ буларни қўллаб-қувватлайди», — деди Дэниел Розенблюм.

Шунингдек, у амалга оширилган ислоҳотлар билан бир қаторда Ўзбекистонда эски даврларни акс эттирувчи ҳолатларни ҳам кўриб турганини қайд этди. Бунга мисол сифатида бир қатор ҳолатларни санаб ўтди.

«Бироқ қилинган ишлардан қатъи назар, охирги пайтларда Ўзбекистонда эски даврларни акс эттирувчи ҳолатларни ҳам кўриб турибмиз. Одамни ташвишга соладиган мисолларни санаб ўтмоқчиман: экстремистик материал туфайли одамларнинг қамалиши, кичик диний ташкилотларнинг рўйхатдан ўтишида уларга тўсиқлар қўйиш, хусусан, вилоят ва туманлар ўртасида, шунингдек, ички ишлар ҳодимлари томонидан соқол қўйган одамларнинг соқолини мажбурлаб олдириб ташлаш ҳолатлари ва бошқалар. Бир нарсани айтмоқчиманки, Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик борасида қонун қабул қилиш ҳаракатларидан АҚШ унчалик ҳам хурсанд эмас.

Масалан, мажбурий рўйхатдан ўтиш ҳозир ҳам қонуний талаб бўлиб қолмоқда. Яқинда янгиланган қонун бўйича диний ташкилотларнинг рўйхатдан ўтиш жараёни ҳали ҳам кенг, мураккаблигича қолмоқда, баъзи талаблар халқаро қонун талабларига зид келяпти. Ноқонуний диний адабиётлар одамларнинг ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинишига олиб келмоқда. Одамларда ўз динларига эркин риоя қилиш имкониятига эга бўлиши керак

Айтиб ўтганимдек, Ўзбекистонда 2016 йилдан бери катта ютуқларга эришилди, лекин шу кунларда айрим нарсалар орқага кетгандиек туюляпти. Орқага кетмайлик, олдинга кетайлик, янада бағрикенгроқ жамият сари ҳаракат қилайлик. Шундай жамият бўлсинки, бу ерда турли хил динларга, кичик динларга ҳам жой бўлсин», — дея таъкидлаган элчи.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда фуқароларни яна ИИБга олиб бориб, соқолларини олишга мажбурлашгани ҳақида хабар тарқалганди.

Bugun — LIVE