Илм-фан - 21:33 · 16.05.2022

Ўзбекистонда Қрим-Конго геморрагик иситмаси билан касалланиб тузалганларнинг қон плазмаси банки яратилади

Ўзбекистонда 2022 йил 1 июлдан бошлаб Қрим-Конго геморрагик иситмаси билан касалланиб тузалганларнинг қон плазмаси банки яратилади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, Президентнинг «Айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

Унга кўра, қуйидагилар аҳоли орасида айрим вирусли инфекцияларни ўз вақтида профилактика ва диагностика қилиш, уларни даволаш бўйича аҳолига кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий ёрдамни янада такомиллаштириш ва кенгайтиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланган:

  • вирусли гепатитларнинг «В» ва «С» турларини эрта аниқлаш учун республиканинг барча ҳудудларида скрининг текширувларини ўтказиш ва касалликни даволаш қамровини ошириш;
  • касаллик юқиши хавфи юқори бўлган шахсларни, шу жумладан, қон ва унинг таркибий қисмлари билан ишловчи тиббиёт ходимларини гепатит «В» инфекциясига қарши эмлаш билан тўлиқ қамраб олиш;
  • скрининг текширувларида вирусли гепатит «С» тури аниқланган беморларни даволаш жараёнида дори воситалари билан бепул таъминлаш;
  • соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида вирусли инфекцияларни аниқлаш учун сарфлов материаллари (реагент ва тест-тўпламлари) билан босқичма-босқич тўлиқ таъминлаш;
  • барча даволаш-профилактика муассасалари, санитария-эпидемиология хизмати ҳамда нодавлат тиббиёт ташкилотларида жигар сурункали вирусли касалликларининг ягона электрон реестрини яратиш ва уни юритиш;
  • вакциналар, тест-тўпламлари ва вирусга қарши дори воситаларининг хавфсизлиги, сифати ва самарадорлиги назоратини такомиллаштириш;
  • вирусли инфекциялар муаммолари бўйича илмий тадқиқотларни ўтказиш, касалликларни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш;
  • вирусли инфекциялар юқишининг олдини олиш тадбирлари бўйича аҳоли ўртасида кенг қамровли тушунтириш, тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш.

Шунингдек, 2022 йил 1 июлдан бошлаб ҳар йили республика аҳолисини вирусли гепатит «В» ва «С» турларига скрининг текширувлари сони 1 миллион нафаргача, полимераза занжир реакцияси (ПЗР) текширувлари сони 15 минг нафаргача, вирусли гепатит «С» тури билан касалланган беморларни даволашни 10,5 минг нафаргача етказилади. Бундан ташқари, 2022 йил 1 сентябрдан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 190-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликни белгилаш билан бирга уларни ўз ҳисобидан гепатитнинг «В» ва «С» турларига скрининг текширувларидан ўтказиш тартиби жорий этилади.

Қайд этилишича, ушбу қарор билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассислигида «IT-Med» масъулияти чекланган жамияти томонидан жигар сурункали вирусли касалликларининг ягона электрон реестри (кейинги ўринларда – Реестр) 2022 йил 1 ноябрга қадар ишлаб чиқилади, шунингдек, келгусида унинг техник ва дастурий қўллаб-қувватланиши таъминланади. 2023 йил 1 январга қадар Реестрни юритишни қон ва унинг таркибий қисмлари билан ишлайдиган ходимларга эга бўлган даволаш-профилактика муассасалари, санитария-эпидемиология хизмати ҳамда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча тиббиёт ташкилотларига жорий қилиб, уларнинг ўзаро интеграциясини йўлга қўйилади.

2022 йил 1 июлдан бошлаб Вирусология илмий-тадқиқот институтида ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги тегишли муассасаларда Қрим-Конго геморрагик иситмаси билан касалланиб тузалганларнинг (донорларнинг) қон плазмаси банки яратилади. Шунингдек, даволаш-профилактика муассасалари ва нодавлат тиббиёт ташкилотларида юқумли касалликларга, шу жумладан, сурункали вирусли гепатитларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш стандартларини такомиллаштирилиб, уларга риоя қилиниш устидан назорат кучайтирилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болалар давлат томонидан зарур воситалар билан таъминланиши маълум қилинганди.

Bugun — LIVE