Жаҳон - 22:32 · 16.05.2022

Путин Марказий Осиё давлатларида кенг кўламли ҳарбий машғулотлар ўтказилишини маълум қилди

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатларда 2022 йилнинг кузида бир қатор ҳарбий машғулотлар ўтказилади. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путинга таяниб, «Sputnik» хабар берди.

Фото: «Sputnik»

Маълум қилинишича, машғулотлар Тожикистон, Қирғизистон ва Қозоғистон ҳудудларида ташкил этилади.

«Шунингдек, биз КХШТ коллектив кучларини замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш, уларнинг ҳарбий контингентларининг тезкор мувофиқлигини ошириш, ҳарбий тузилмаларимизнинг қўшма ҳаракатларининг уйғунлигини ошириш масалалари билан ҳам шуғулланамиз», — дея таъкидлаган Путин.

КХШТ саммитининг асосий масалалари халқаро ва минтақавий муаммолар, шунингдек, коллектив хавфсизлик тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари бўлган.

Маълумот ўрнида, 16 май куни КХШТнинг юбилей саммити Москвада бўлиб ўтди. Ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларининг учрашуви келишув имзоланганининг 30 йиллиги ва ассоциациянинг 20 йиллигига тўғри келди. Тадбирда Россия етакчиси Владимир Путин, КХШТ бош котиби Станислав Зась, Арманистон бош вазири Никол Пашинян, Беларусь ва Тожикистон президентлари Александр Лукашенко ҳамда Эмомали Раҳмон, Қозоғистон раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳамда Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров иштирок этди.

Қайд этилишича, сиёсатчилар узоқ вақтдан бери биринчи марта шахсан учрашган. Чунки шу пайтгача коронавирус туфайли бундай учрашувлар қисман ёки тўлиқ видеоалоқа орқали ўтказилган. Сўнгги тўлиқ юзма-юз учрашув Бишкекда пандемия бошланишидан олдин, 2019 йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтган.

Аввалроқ Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) давлатлари «Чегара–2021» ҳарбий машқларини бошлагани хабар берилганди.

Bugun — LIVE