Жаҳон - 22:02 · 16.05.2022

«Renault» заводидан чиқадиган «Москвич», Швеция ҳамда Финляндия ҳақида гапирган Путин ва рус нефтидан воз кечадиган Германия

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 16 май куни содир бўлган мазкур можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «Reuters»

Москва мэри Сергей Собянин шаҳардаги «Renault» заводида «Москвич» бренди остидаги автомобилларни ишлаб чиқариш бошланишини маълум қилди. Бу ҳақда сиёсатчининг расмий сайтида хабар берилди.

Маълум бўлишича, келгусида «Москвич» бренди остида электромобиллар ҳам ишлаб чиқарилади. Собянин, шунингдек, компания ходимларининг катта қисмини сақлаб қолишга ваъда берган.

«Москвадаги ‘Renault’ заводинининг чет эллик эгалари уни ёпишга қарор қилди. Бу уларнинг ҳуқуқи, лекин биз минглаб ишчиларнинг ишсиз қолишига йўл қўя олмаймиз. Шу боис заводни шаҳар балансига олиб, тарихий ‘Москвич’ бренди остида енгил автомобиллар ишлаб чиқаришни қайта йўлга қўйишга қарор қилдим.

Биз жамоанинг катта қисми бевосита заводда ва унинг субпудратчилари билан ишлашда давом этишини таъминлашга ҳаракат қиламиз», — деган Собянин.

Украинада уруш бошланганидан бери тўқнашувлар оқибатида 229 нафар бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, яна 421 нафар бола жароҳатланган. Эслатиб ўтамиз, ҳалок бўлган болалар сони бўйича маълумотлар Украина Бош прокуратураси томонидан ҳар куни янгиланиб борилмоқда.

Россияда фаолиятини тўхтатган «Reebok» спорт товарлари тармоғининг мамлакатдаги бўлими «Lumberjack» ва «Reno» брендлари эгаси бўлган турк ҳолдинги — FLO’га сотилди. Бу ҳақда «Коммерсант» хабар берди.

Мутахассислар тармоқнинг Россия бўйлаб жойлашган жами 100 дан ортиқ товар дўконлари нархини тахминан 1,5 миллиард рублга баҳолаган. Аммо транзакция суммаси бундан уч баравар кам бўлган бўлиши мумкинлиги ҳам истисно қилинмаган.

Таъкидланишича, хорижий компаниялар учун ҳозир Россияда ўз бизнесини сотиш қийин ҳисобланади. Аммо FLO бир қатор давлатлар учун турк фабрикаларида «Reebok» бренди остидаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича тармоқ билан шартнома имзолаганидан сўнг ҳолдингга тегишли дўконларни сотиб олган.

Эслатиб ўтамиз, компания Россиянинг Украинага ҳужуми сабаб 20 мартдан бошлаб мазкур мамлакатдаги фаолиятини тўхтатган.

Германия Европа Иттифоқи эмбарго жорий қилмаса ҳам Россия нефтидан йил охиригача воз кечмоқчи. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар берди.

Нашрнинг қайд этишича, мазкур маълумот Германия ҳукуматидаги манбалардан олинган. Уларнинг сўзларига кўра, муқобил етказиб берувчилар билан келишувларни ёпиш жараёни яхши кетмоқда ва Берлин қолган логистика муаммоларини кейинги олти–етти ой ичида ҳал қилишни мўлжалламоқда.

Таъкидланишича, Украинада уруш бошланганидан бери Германия Россиядан импорт қилинадиган нефть улушини 35 фоиздан 12 фоизгача камайтирган. Шунингдек, расмий Берлин хомашёнинг муқобил манбалари қайсилар эканини ҳозирча ошкор этмоқчи эмас.

McDonald’s Россияни тарк этиш бўйича якуний қарорни қабул қилгани ва компаниянинг Россиядаги бизнеси сотилишини эълон қилди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Компания баёнотида Россияни тарк этиб, бизнесини сотгандан сўнг McDonald’s ресторанларнинг янги эгасига ўз логотипи, номи ва корпоратив менюсидан фойдаланишни тақиқлаши айтилган.

«McDonald’s Россияда бизнесни давом эттириш энди ўринли эмас ва компания қадриятларига мос келмайди деган хулосага келди. McDonald’s’нинг Россия бозоридан чиқиш қарори доирасида компания Россиядаги барча ресторанларини маҳаллий харидорга сотиш ниятида. Компания барча ресторанларни бренддан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жараёнини бошлаш ниятида, бу эса ‘McDonald’s’ номи, логотипи, савдо белгиси ва менюсидан фойдаланиш тўхтатилишига олиб келади. Компания Россиядаги савдо белгиларини сақлаб қолади» — дейилади баёнотда.

«ТАСС» нашри берган хабарга кўра эса, McDonald’s июнь ойи ўрталарида ўз ходимлари, ресторанлар тармоғи ва менюсини сақлаб қолган ҳолда Россияда янги бренд остида иш бошлайди.

Россия президенти Владимир Путин КХШТ саммитида Швеция ва Финляндиянинг NATO’га қўшилиши билан Россиянинг ҳеч қандай муаммоси йўқлигини айтди. Бу ҳақда «Медуза» хабар берди.

Путиннинг сўзларига кўра, альянснинг бу давлатлар ҳисобига кенгайиши Россия учун бевосита хавф туғдирмайди, лекин бу ҳудудларда ҳарбий инфратузилманинг кенгайиши Россиянинг жавобига сабаб бўлади.

Bugun — LIVE