Сиёсат - 14:43 · 16.05.2022

Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов телефон орқали мулоқот қилди

Шавкат Мирзиёев 16 май куни Туркманистон Миллий Кенгаши Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд этилишича, суҳбатда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган. Сермаҳсул парламентлараро мулоқот, шу жумладан минтақавий форматда ҳам ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилган.

Давлат раҳбари Туркманистон томонини 12–13 май кунлари Ашхобод шаҳрида халқаро тадбирлар — Марказий Осиё мамлакатлари ва Россиянинг биринчи Парламентлараро форуми ҳамда Хотин-қизлари мулоқоти муваффақиятли ўтказилгани билан табриклаган.

Форум ишини мунтазам йўлга қўйиш, унинг доимий фаолият юритадиган котибиятини тузиш таклифи қўллаб-қувватланган. Халқаро кун тартиби юзасидан, минтақавий ҳамкорликни давом эттириш ва кўп томонлама ташкилотлар доирасидаги самарали шерикликни ривожлантириш, шу жумладан, Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга, унинг иқтисодий тикланишига кўмаклашиш масалалари бўйича фикр алмашилган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 8 апрель куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилганди. Суҳбатда Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилиши муҳокама қилинган.

Bugun — LIVE