Жамият, Сиёсат, Тошкент ш. - 13:48 · 16.05.2022

Тошкентда «Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми ўз ишини бошлади

Тошкент шаҳрида 16 май куни «Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми ўз ишини бошлади. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, тадбир Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, АҚШ Глобал жалб қилиш институти, Дин ишлари бўйича қўмита ва бир қатор давлат ташкилотлари ҳамкорлигида ташкил этилган. «Декларациялар мулоқоти» халқаро форуми 2020 йилда давлат раҳбари томонидан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий стратегияси мақсадларига эришишга хизмат қилади.

Таъкидланишича, анжуман доирасида турли мамлакатлар диншунос олимлари, амалиётчи мутахассисларига жамиятда тинчлик ва тотувликни сақлаб туришнинг муҳим шарти сифатида динлар ва маданиятлар ўртасида самарали мулоқот ўрнатиш соҳасидаги энг яхши халқаро амалиёт, илғор хорижий тажриба намойиш этилади. Форумда 2019 йилда бўлгани каби Европа, Осиё, Яқин Шарқ, Африка мамлакатлари ва АҚШ етакчи дин уламолари, илоҳиётшунослари, ҳуқуқшунослари, расмийлари тўпланган.

Фото: Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти

«Дунёда вазият шиддат билан ўзгариб бормоқда. Кечаги ўлчамлар бугунги кунга тўғри келмаяпти, аввалги ёндашувлар самарасизлиги аён бўлмоқда. Халқаро зиддиятлар кескинлашмоқда. Натижада, инсоният илгари тасаввур қилиб бўлмаган ва ўз ҳаракат қамрови ва кўламига биноан трансмиллий тинчлик ва барқарорликка янги ҳавф-хатарлар билан юзма-юз бўлдилар.

Уларга қарши самарали кураш учун, биринчи навбатда, янгиланган ички сиёсат – демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш, муносиб таълим олиш учун имконият яратиш зарур. Шу билан, бугунги тобора глобаллашаётган дунёда ҳеч бир муаммо алоҳида давлат томонидан ечила олмайди. Барчамизни безовта қилаётган таҳдидлар халқаро, кўп томонлама, уюшган ҳаракатларни амалга оширишни талаб қилади», — деди форумда сўзга чиққан Олий Мажлис Сенати раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев.

Форум кун тартиби бир неча босқичдан иборат бўлиб, 16–17 май кунлари Тошкентда илмий-амалий семинарлар ўтказилади. 18 май куни эса Самарқанд шаҳрига танишув саёҳатини ташкил этиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, 19 май куни Бухоро шаҳрида халқаро учрашувнинг якунида Бухоро декларацияси қабул қилинади. Илгари Марокаш, Макка, Жакарта, Потомак ва Пунто-дел-Эстеда қабул қилинган декларацияларни тўлдирадиган ушбу ҳужжат Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ғояларини халқаро даражада қарор топтиришга қўшадиган муҳим ҳисса бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликка бағишланган халқаро конференция бўлганди.

Bugun — LIVE