Жамият, Тошкент ш. - 15:17 · 16.05.2022

Тошкентда Янги йил куни «огнетушитель» портлатган йигитларга ҳукм ўқилди — видео

Тошкент шаҳридаги «Самарқанд дарвоза» савдо мажмуаси олдида 1 январь куни аҳоли йиғилиб, қўлбола ўт ўчириш мосламасини портлатгани ҳамда ҳолат юзасидан айбдорларга жиноят иши қўзғатилгани хабар қилинганди.

Кадр: Telegram / @Toshkentshaharsudlari

Маълум бўлишича, 15 май куни Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида 13 нафар фуқарога оид суд иши кўриб чиқилди. Маълум бўлишича, судланувчи қолганлар билан бир гуруҳ бўлиб, пиротехника воситаларини қонунга зид равишда тайёрлаш, сақлаш, ташиш ва ундан фойдаланиш жиноятини содир қилган.

«Воқеа жойидан 35 метр узоқликда турган эдим. Портлагандан кейин оёғимга тегди, дастлаб сезмадим, кейин бегона болалар оёғим қонаётганини айтди. Кўтариб шифохонага олиб боришди. Тўртта бармоқ цинган деб ташхис қўйилди.

Битта бармоғим олиб ташланди, кейинги операцияда пай ва нервлар уланади. 55 кун даволандим. Судланувчилардан бири моддий ёрдам кўрсатди. Ҳеч кимдан давойим йўқ, судга ҳавола қиламан», — дейди жабрланувчи.

«Мен ўт ўчириш мосламаси олиб, йўл ўртасига олиб чиққанман. Биз барчамиз бир маҳаллада яшаймиз. Қўшни йигитлармиз», — дейди судланувчилардан бири.

«Аввал ясамасдим, пулга муҳтожлигим учун қилдим. 4–5 кунда ясадим. Биринчи ва охирги марта кечиришингизни сўрардим», — дейди бошқа судланувчи.

Суд ҳукмига кўра, 5 нафар судланувчига Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Қолган 3 фуқарога эса 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси қўлланилди.

Эслатиб ўтамиз, 13 январь куни Ички ишлар вазирлиги иш бўйича терговдан видео эълон қилганди. Маълум қилинишича, пойтахтда яшовчи йигит янгийўллик танишига 470 минг сўм эвазига қўлбола усулда портлатиш учун ўт ўчириш мосламасини ясатган.

Bugun — LIVE