Жаҳон - 16:23 · 16.05.2022

Туркия Финляндия ва Швецияга NATO’га қўшилиш бўйича талаб қўйди

Туркия Финляндия ва Швециянинг NATO’га қўшилишига вето қўйиш билан таҳдид қилиб, музокаралар учун очиқлигини эълон қилди. Бу ҳақда «Euronews» хабар берди.

Фото: «Eestinen»

Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Финляндия ва Швеция курд мухториятини яратиш учун курашаётган курдларни қўллаб-қувватлашини, Анқара эса уларни террорчи деб ҳисоблашини айтган.

«Турк халқининг катта қисми Курд Олий Кенгашининг қуролли тузилмаларини қўллаб-қувватлаётган мамлакатларнинг NATO’га аъзо бўлишига қарши. Шунинг учун улар биздан бу мамлакатларни аъзоликка қўшишни блокировка қилишни сўрамоқда. Албатта, бу NATO’даги иттифоқчиларимиз ва унга қўшилмоқчи бўлган давлатлар билан олиб бориладиган масала саналади», —  деган Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлу Берлиндаги альянс ташқи ишлар вазирлари йиғилишида.

Шу билан бирга, Анқара Финляндия ва Швециядан курдларни қўллаб-қувватлашни тўхтатиш ҳақида кафолат беришни талаб қилган. «Хавфсизлик кафолатлари бўлиши керак. Бу давлатлар террорчилик ташкилотларини қўллаб-қувватлашни тўхтатиши керак. Туркия каби иттифоқчи учун экспорт чекловлари ҳам олиб ташланиши зарур», — деган турк дипломати.

Финляндия ташқи ишлар вазири Пекка Ҳаависто эса келишмовчиликларни бартараф эта олишига ишонишини айтган. «Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлуга тарангликни юмшатиш учун қўнғироқ қилдим. Ишончим комилки, бу масалада ечим топамиз», — деган у.

Bugun — LIVE