Жамият, Сурхондарё - 13:02 · 16.05.2022

Сурхондарёда ўқувчини калтаклаган ўқитувчи ишдан бўшатилди

Сурхондарё вилояти Бандихон туманида ўқитувчи дарсга тайёрланмаган ўқувчини калтаклагани хабар қилинганди. Вилоят Халқ таълими бошқармаси матбуот котиби «Bugun.uz»га ўқитувчи ишдан олинганини маълум қилди.

Скрин: Telegram

Маълум бўлишича, инглиз тили фани ўқитувчиси Ю.Ш. 9-Б синф ўқувчиси Х.И.ни калтаклаган видеолавҳа юзасидан вилоят Халқ таълим бошқармасининг ишчи гурухи ўрганиш олиб борилган.

Аниқланишича, ҳолат 27 апрель куни содир бўлган, 15 май куни ижтимоий тармоқларга чиқарилган. Синф раҳбари Э.Ж. хонага кириб, ўқувчиларнинг ўзаро жанжалини ижтимоий тармоққа ким тарқатганини муҳокама қилган. Ўқувчи Х.И. синф раҳбари ва инглиз тили ўқитувчисига гап қайтаргани учун Ю.Ш. жаҳл устида уни калтаклаган.

Мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Ю.Ш. билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилган. Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан терговга қадар суруштирув ишлари олиб борилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати ҳам ҳолат юзасидан муносабат билдирган.

«Шу ўринда юртимиздаги барча педагогларга болага нисбатан куч ишлатиш мумкин эмаслигини эслатиб ўтмоқчимиз. Халқ таълими вазирлиги ўқитувчи томонидан ўқувчиларга куч ишлатиш ҳолатини кескин қоралайди», дейилади муносабатда.

Bugun — LIVE