Андижон, Жамият - 17:39 · 17.05.2022

Асака ва Булоқбоши туманларида оммавий қабуллар ўтказилди

Шавкат Мирзиёев топшириғи асосида тузилган Президент Администрацияси масъул ходимлари бошчилигидаги ишчи гуруҳнинг Андижон шаҳри, Асака ва Булоқбоши туманларидаги оммавий қабуллари амалий ишларга бой бўлди. Мулоқотлар давомида 20 дан зиёд вазирлик ва идоралар раҳбарлари мурожаатчилар билан юзма-юз ўтириб, ҳар бир масалани ҳудудий масъуллар билан бирга муҳокама қилди. Муаммоларни ҳал қилиш учун бор куч-имконият ишга солинди.

Мисол учун, Асака тумани «Файз» маҳалласига аҳоли кўчиб чиққанига салкам 70 йил бўляпти. Аммо шунча пайтдан бери улар ичимлик сувини қўшни маҳалладан ташиб ичишган. Қабулда Президент Халқ қабулхонаси вакилларига йўлланган мурожаат боис бугун «Файз» маҳалласига файз кирмоқда: 2,7 километр сув тармоғи тортилиши билан маҳалланинг 70 йиллик муаммоси ҳал қилинмоқда.

Булоқбоши туманидан келган Одинахон Солиева янги сув қудуғи қазиб бериш юзасидан мурожаат қилди. Ушбу хайрли ташаббус натижасида тумандаги «Зарғалдоқ» МФЙ Новвоқ кўчасида истиқомат қилувчи 165 та хонадон яшнаб кетди. 25 йилдан бери қўшни маҳалладан ичимлик суви ташиб келадиган аҳолининг мушкули ариди.

Худди шундай мурожаат асосида Андижон туманининг «Беш бўйноқ» маҳалласида ҳам 3 километр ичимлик суви тармоғи тортилмоқда. Бу билан «Беш бўйноқ»даги 210 та хонадонга обиҳаёт кириб боради.

Олтинкўл тумани «Акрамобод», «Ўртақайчи» маҳаллалари аҳолиси эса томорқаларидан кўнгилдагидек ҳосил олишолмаётган эди. Сабаби сизот сувлари сатҳи кўтарилган, шўрланиш даражаси ошган эди. Мурожаатлар асосида 1,5 километр зовур тозаланиши билан ерости сувлари сатҳи 2 метргача пасаяди.

Худди шундай муаммо Олтинкўлнинг бошқа ҳудудлари аҳолисини ҳам томорқасидан самарали фойдаланишига халал бериб келаётган эди. Аҳоли мурожаатларидан сўнг бу тизимли муаммо таҳлил қилиниб, тумандаги 97 километр ариқ-зовурлар қазилиб, 1 минг 700 гектар экин майдонининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ишлари бошлаб юборилди.

Саидакбар Зокиров эса Андижон шаҳрида мавсумий иш билан шуғулланишини айтиб, 5 нафар фарзандни вояга етказишу рўзғорини бутлаш учун катта магистраль ёқасидаги бекатда савдо дўкони ташкил этишда ёрдам сўради. Масъуллар бу масалада Саидакбар акага амалий кўмак кўрсатадиган бўлди. Шу билан бирга, бу инсон Автомобиль йўллари қўмитасининг вилоят бошқармаси тизимига ишчиликка қабул қилинди.

Шу сингари мурожаатлардан сўнг субсидия асосида бўстонлик 34 ёшли Мавсума Рўзиматова каби бир қатор хотин-қизларга замонавий тикув машиналари топширилган бўлса, Бўстонлик Оминахон Жалолова ва улуғнорлик Шаҳнозахон Дўстматова хонадонларига ихчам иссиқхоналар қуриб берилди. Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш асносида ҳам қатор мурожаатчилар бандлиги таъминланди.

Bugun — LIVE