Жамият, Жаҳон - 21:00 · 17.05.2022

Бугун оқшоми. Метрополитенда поезд тагига тушиб кетган эркак, ойлиги кечиккан Nest One қурувчилари ва NATO’га ариза берган Швеция

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Тошкент метросида эркак эҳтиётсизлиги сабаб поезд тагига тушиб кетди.

Скрин: Telegram / @mobilmuxbiruz

Тошкент метрополитенидаги Олмазор бекатида эркак эҳтиётсизлиги сабаб поезд тагига тушиб кетди. Метрополитен матбуот котиби ҳолат юзасидан «Bugun.uz»га маълумот берди.

Қайд этилишича, Олмазор бекатида 1964 йилда туғилган фуқаро О.З. метро вагонига тезроқ кириш учун шошилиб бораётган бўлган, у эҳтиётсизлиги сабаб ҳаракатланишга тайёргарлик кўраётган поезд йўлига тушиб кетган.

Метрополитен ходимлари ҳамда йўловчиларнинг тезкорлиги сабаб фуқаро ҳеч қандай тан жароҳатларсиз зудлик билан поезд йўлидан қутқариб олинган.

Тошкентдаги 21-сонли Меҳрибонлик уйида кўтарилган қўзғолон ортидан директор ишдан бўшатилди.

Кадр: Telegram / @bugunuzlive

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Марказ-5 да жойлашган 21-сонли Меҳрибонлик уйида тарбияланувчилари ҳамширанинг бинога киришига қаршилик қилиб, плакатлар кўтариб чиққани ҳақида хабар берилганди. Бош прокуратура ҳолат юзасидан текширув натижаларини «Bugun.uz»га тақдим этди.

Қайд этилишича, хабар асосида Юнусобод тумани прокурори раҳбарлигида тузилган ишчи гуруҳи томонидан 21-сон Меҳрибонлик уйининг фаолияти текширилган. Текшириш давомида муассасада носоғлом ва қониқарсиз муҳит туфайли айрим тарбияланувчиларда норозилик кайфияти пайдо бўлганлиги ва намойиш уюштирилганлиги аниқланган.

«Шу сабабли, 26 апрель куни 21-сонли Меҳрибонлик уйи директори билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди. Бундан ташқари, текшириш давомида муассаса мансабдор ва моддий жавобгар шахсларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари оқибатида ўзганинг кўп миқдордаги маблағлари ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилинганлиги маълум бўлди», дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан 16 май куни Жиноят кодексининг 167 (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205 (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси тарбияланувчилар мазкур тарбия муассасаси ҳамшираси З.К ни Меҳрибонлик уйи биносига киришига қаршилик кўрсатмоқчи бўлишгани маълум қилганди. Муассасага ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари зудлик билан етиб келган ҳамда вазиятни юмшатишган. Ҳолат юзасидан тегишли тартибда суриштирув ишлари олиб борилаётгани айтилганди.

Тошкент шаҳридаги Nest One биноси қурувчилари ойлик маоши вақтида берилмагани сабаб 17 май куни норозилик намойиши уюштирди. Меҳнат вазирлиги вазиятга ойдинлик киритди.

Кадр: Telegram / @bugunuzlive

Тошкент шаҳридаги Nest One биноси қурувчилари ойлик маоши вақтида берилмагани сабаб 17 май куни норозилик намойиши уюштирди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказди.

Аниқланишича, 2022 йил 17 май куни Шайхонтоҳур туманида жойлашган Tashkent city ҳудудидаги Nest One осмонўпар биносида «Ozguvn mimarlik inshaat» масъулияти чекланган жамиятнинг 312 нафар ишчилари 2022 йил апрель учун учун иш ҳақларини олмагани сабабли мазкур корхонага нисбатан норозилик билдирган. Мазкур мақолани ўрганиш жараёнида 17 май куни 312 нафар ишчига бир миллиард етти миллион бир минг саккиз юз йигирма беш сўм иш ҳақлари тўлаб берилиши таъминланган.

Шу билан бир қаторда, «Ozguven tasarim mimarlik insaat sanayi ve ticar» ПУнинг 427 нафар ишчиси 2022 йил апрель ойи учун иш ҳақини ўз вақтида олмагани сабабли мазкур корхона раҳбариятига норозилик билдирган. Мазкур ҳолат юзасида ишчиларга 17 май куни 427 нафар ишчига бир миллиард уч юз қирқ олти миллион уч юз эллик беш минг бир юз етмиш етти сўм иш ҳақлари тўлаб берилиши таъминланган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат меҳнат инспекцияси тўғрисида»ги низомига мувофиқ Тошкент шаҳар Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 17 май куни «Ozguvn mimarlik inshaat» МЧЖ ва «Ozguven tasarim mimarlik» МЧЖ шаклидаги хорижий корхонаси раҳбари Гувен Меҳметра номига ёзма кўрсатма берилган.

Аввалроқ Nest One лойиҳаси раҳбари Мурод Назаров ҳолат юзасидан маълумот бериб, воқеа жойидан видео эълон қилганди. «Ош ҳаммага етмаган бўлса, шундай ваҳима қилиш керакми? Илтимос, ваҳима қилманглар. Иш давом этмоқда, ҳаммаси жойида», — деганди компания раҳбари.

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президентини туғилган куни билан табриклади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев 17 май куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлат раҳбари Қозоғистон президентини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, биродар Қозоғистонга тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Хўш, оламда нима гап?

Швеция ташқи ишлар вазири Анн Линде Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш ҳақидаги аризани имзолади.

Фото: «AP»

Маълум қилинишича, ҳужжат 17 май, сешанба куни эрталаб имзоланган. Швеция дипломати ўзининг Twitter саҳифасида бу бўйича маълумот берган.

Швециянинг ҳукмрон Социал-демократик ишчилар партияси ўтган ҳафта альянсга аъзо бўлиш учун ариза бериш қарорини эълон қилган ва агар тасдиқланса, Стокгольм мамлакатда ядро қуроли ва ҳарбий базаларнинг жойлаштирилишига қарши чиқишини айтган.

Финляндия ҳам ҳарбий блокка қўшилишга расман қарор қилган. NATO бош котиби Йенс Столтенберг бу икки давлатни қабул қилиш жараёнини тезлаштиришга ваъда берган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE