Жамият, Сиёсат - 16:42 · 17.05.2022

Конституциянинг қайси моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши аниқми?

«Миллий тикланиш» партияси етакчиси, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров Конституцияни ўзгартиришга доир қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига чиқарилиши борасидаги саволга жавоб берди. У бу ҳақда 17 май куни «ЎзЛиДеП» ва «Миллий тикланиш» фракцияларининг қўшма йиғилишида гапирди, дея хабар қилмоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

«Бугунги қилинган иш бу — ташаббус. Ташаббуснинг зарурати нимадан келиб чиққанлигини баён қилдик. Конституциямизда ўзгаришга бўлган эҳтиёж яққол кўриниб турибди ва буни бутун жамоатчилик эътироф этяпти. Ўзбекистоннинг бугунги ривожланиш босқичи янги Конституцияни тақозо қилмоқда. Бу ташаббус даражасидаги масала. Ҳозир ‘ЎзЛиДеП’ ва ‘Миллий тикланиш’ фракциялари бу ташаббусни қўллаб-қувватлашди, қўшма мажлисда навбатдаги белгиланган тартибдаги чораларни кўриш ташаббусини илгари суришди.

Бу қандай бўлади? Олий Мажлис палаталарининг кенгашларига биз мана шу конституцион ислоҳотларни ташкил қилиш вазифасини кўтардик. Энди навбатдаги вазифа бу — Олий Мажлис палаталари кенгашлари тегишли комиссиянинг мутахассисларини йиғган ҳолда жараёнга старт бериш. У ерда аниқ бир таклиф, аниқ бир лойиҳа, мана шуни кўриб чиқамиз дейдиган масала йўқ. У ерда бутун жамоатчилик, масалан, сиз, ўзимиз ҳам партия сифатида таклифларимизни берамиз», — деди Алишер Қодиров.

Шунингдек, у комиссия фаолияти жамоатчиликка очиқ шаклда бўлишини қайд этди. Ҳозирда ўзгартириш ва қўшимча киритиш борасида ҳеч қандай лойиҳа йўқлигини маълум қилди.

«Бутун Ўзбекистондаги таклифлар жамланган ҳолатда, умумлаштирган ҳолатда комиссия ўзининг фаолиятини ташкил қилади ва Конституциянинг қайси моддасида нималарни ўзгартиришимиз керак, қандай ўзгаришларга эҳтиёж бор деган саволларга комиссия таҳлил қилиб, жамоатчиликка очиқ бир шаклда ўз фаолиятини ташкил қилади. Бу фаолият ҳеч кимдан яшириладиган, қайсидир масалаларни кимдир ўзича муҳокама қиладиган жараён бўлмайди. Бу кенг, очиқ жараён бўлади.

Ҳозирда биз ташаббусни кўтардик, энди палаталарнинг кенгашлари ўзининг ваколатидан келиб чиқиб, ё ишчи гуруҳ, ё комиссия ташкил қилади. Ана ўшандан кейин лойиҳа пайдо бўлади. Лойиҳа пайдо бўлгандан кейин, уни яна муҳокама қилиб, уни қандай тартибда қабул қилиш масалалари муҳокама қилинади. Бу кейинги босқич. Биз ҳозир биринчи — ташаббус босқичидамиз, ҳозир эса ҳеч қанақа лойиҳа ҳақида гап йўқ, фақат таклифларни қабул қилиш босқичидамиз», — дея таъкидлади депутат.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон Либерал-демократик партияси» фракцияси депутатлари Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклиф билан чиққанди.

Қонунчилик палатасида 17 май куни «ЎзЛиДеП» ва «Миллий тикланиш» фракцияларининг қўшма йиғилиши ўтазилган. Унда депутатлар Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ташаббусини бир овоздан маъқуллаган.

Bugun — LIVE