Жамият, Тошкент ш. - 18:07 · 17.05.2022

Меҳнат вазирлиги Nest One’даги норозилик намойиши бўйича муносабат билдирди

Тошкент шаҳридаги Nest One биноси қурувчилари ойлик маоши вақтида берилмагани сабаб 17 май куни норозилик намойиши уюштиргани ҳақида хабар берилганди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказди.

Кадр: Telegram / @bugunuzlive

Аниқланишича, 2022 йил 17 май куни Шайхонтоҳур туманида жойлашган Tashkent city ҳудудидаги Nest One осмонўпар биносида «Ozguvn mimarlik inshaat» масъулияти чекланган жамиятнинг 312 нафар ишчилари 2022 йил апрель учун учун иш ҳақларини олмагани сабабли мазкур корхонага нисбатан норозилик билдирган. Мазкур мақолани ўрганиш жараёнида 17 май куни 312 нафар ишчига бир миллиард етти миллион бир минг саккиз юз йигирма беш сўм иш ҳақлари тўлаб берилиши таъминланган.

Шу билан бир қаторда, «Ozguven tasarim mimarlik insaat sanayi ve ticar» ПУнинг 427 нафар ишчиси 2022 йил апрель ойи учун иш ҳақини ўз вақтида олмагани сабабли мазкур корхона раҳбариятига норозилик билдирган. Мазкур ҳолат юзасида ишчиларга 17 май куни 427 нафар ишчига бир миллиард уч юз қирқ олти миллион уч юз эллик беш минг бир юз етмиш етти сўм иш ҳақлари тўлаб берилиши таъминланган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат меҳнат инспекцияси тўғрисида»ги низомига мувофиқ Тошкент шаҳар Давлат меҳнат инспекцияси томонидан 17 май куни «Ozguvn mimarlik inshaat» МЧЖ ва «Ozguven tasarim mimarlik» МЧЖ шаклидаги хорижий корхонаси раҳбари Гувен Меҳметра номига ёзма кўрсатма берилган.

Аввалроқ Nest One лойиҳаси раҳбари Мурод Назаров ҳолат юзасидан маълумот бериб, воқеа жойидан видео эълон қилганди. «Ош ҳаммага етмаган бўлса, шундай ваҳима қилиш керакми? Илтимос, ваҳима қилманглар. Иш давом этмоқда, ҳаммаси жойида», — деганди компания раҳбари.

Bugun — LIVE