Жамият, Тошкент ш. - 15:58 · 17.05.2022

Nest One қурувчилари маош йўқлиги сабаб норозилик уюштиргани хабар қилинди — видео

Тошкент шаҳридаги Nest One осмонўпар биноси қурилишида ишлаётган ходимлар 17 май куни маош ўз вақтида берилмаётгани сабабли норозилик намойиши уюштиргани хабар қилинди.

Кадр: Telegram / @bugunuzlive

Ижтимоий тармоқда тарқалган видеоларда қурувчилар автомобиллар йўлини тўсиб, бақирганини кўриш мумкин. Видео муаллифи ходимлар маош берилмагани сабаб норози бўлаётганини қайд этган.

Кейинчалик Nest One лойиҳаси муаллифи Мурод Назаров воқеа жойидан видео эълон қилиб, иш ўз ҳолича давом этаётганини маълум қилди. У ош ҳаммага етмагани учун ваҳима қилмасликни сўраган.

«Ассалому алайкум ҳаммага. Мен Nest One’да турибман. 17 май соат 15:09. Ижтимоий тармоқларда ваҳима қилиб, чарчатиб юбординглар. Мана ҳозир кўчага чиқаман.

Жонли эфир қиляпман, ваҳима қилманглар. Ошга чақира олмаганим учун аламни олиш бундай бўлмасин, илтимос. Ош қилиб бераман. Ҳаммаёқ тинч. Илтимос, ваҳима қилманглар. Иш ўз ўрнида кетмоқда», — дейди Назаров.

Эслатиб ўтамиз, Tashkent city’даги Nest One биносида 5 май куни ёнғин содир бўлганди. Ёнғин оқибатида бинонинг Д блок 7-қаватида таъмирлаш ишлари вақтида 4 квадрат метр майдонда қурилиш материали ёнган.

Bugun — LIVE