Жамият - 14:20 · 17.05.2022

Ўзбекистон ва Исроил туризм вазирлари «Tashkent Travel Mart 2022» халқаро кўргазмасини очиб берди — видео

Тошкент шаҳридаги «Hilton Tashkent City» меҳмонхонасида 17 май куни Zero Carbon Fair етакчилигида ташкил қилинган «Tashkent Travel Mart 2022» B2B форматидаги халқаро сайёҳлик кўргазмаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум бўлишича, тадбир Шавкат Мирзиёевнинг 30 апрелдаги «Ички туризм хизматларини диверсификация қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ўтказилди. Кўргазманинг очилишида Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари, туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ва Исроил туризм вазири Йоэль Развозов сўзга чиқди.

Тадбир Ўзбекистон Хусусий Сайёҳлик Ташкилотлари Уюшмаси томонидан Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Европа Иттифоқининг Switch Asia лойиҳаси, USAID’нинг тадбиркорлик ва бизнес муҳитини ривожлантириш бўйича лойиҳаси, Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикасидаги элчихонаси, ACTED ва Халқаро Молия Корпорацияси (IFC) кўмагида ташкил этилди.

B2B форматидаги «Tashkent Travel Mart 2022» халқаро сайёҳлик кўргазмаси тармоқлараро мулоқотни кенгайтириш ва янги шароитларда бозорни ривожлантиришнинг мақбул ечимлари ва йўлларини ишлаб чиқиш учун ихтисослаштирилган туристик майдонча ҳисобланади. B2B формати, яъни «бизнес учун бизнес», кўргазмада ихтисослашган ташкилотларга бизнес имкониятларини кенгайтириш, ўз бизнесини юритишдаги кўплаб муаммоларни ҳал этиш, туризм хизматларини таклиф қилиш имконини беради.

Бу йил кўргазмада Ўзбекистон ва бутунжаҳон сайёҳлик ташкилотларининг энг фаол вакиллари иштирок этди. Булар 10 дан ортиқ давлатларнинг 90 дан ортиқ хорижий компанияларидир. Улар орасида Германия, Чехия, Эстония, БАА, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан сайёҳлик соҳаси вакиллари бор.

«Tashkent Travel Mart 2022» халқаро сайёҳлик кўргазмасида хорижий ва маҳаллий туроператорлар, сайёҳлик агентликлари, меҳмонхоналар, банклар, онлайн хизматлар, суғурта компаниялари иштирок этди, шунингдек, биринчи марта Ўзбекистоннинг яшил технологиялари ва оилавий меҳмон уйлари ишлаб чиқариш вакиллари қатнашди.

Ўзбекистоннинг туризм соҳасида мавжуд самарали «яшил» технологиялардан фойдаланиш жаҳонда тобора танилиб бораётган CBT туризмини оммалаштириш халқаро миқёсда туризм саноати салоҳиятини оширишда муҳим омил бўлмоқда. Шу мақсадда «Tashkent Travel Mart 2022» кўргазмаси Zero Carbon Fair етакчилигида ўтказилмоқда.

Тадбир доирасида потенциал мижозлар ва янги ҳамкорлар билан самарали учрашувлар ўтказилиб, келгусида ҳамкорлик тўғрисида шартномалар тузилди ва меморандумлар имзоланди.

Bugun — LIVE