Жамият - 15:25 · 17.05.2022

Ўзбекистонда фуқаро сўзини ватандош атамасига ўзгартириш таклиф этилди

Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси раиси, ҳуқуқшунос Олим Ўсаров Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнида фуқаро сўзини ватандош атамасига ўзгартириш таклифини бермоқда. У бу ҳақда ўзининг Telegram каналида ёзиб қолдирди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, 16 май куни Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси депутатлари Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнини бошлаш таклифи билан чиққан. Хусусан, «ЎзЛиДеП» ушбу масалани «Миллий тикланиш» партияси билан бирга илгари сурмоқчи эканлиги маълум қилган.

«Хўш, бу нима учун зарур? Конституция — давлатнинг бош қонуни. Шу боис мазкур Асосий ҳужжат давлат, жамият ва фуқароларнинг истак ва иродасига, давлат, жамият тараққиётига ҳамоҳанг такомиллашиб бориши халқаро амалиётдан яхши маълум. Сўнгги 20 йилда дунёнинг 90 та мамлакатида конституциявий ислоҳотлар ўтказилди, уларнинг 57 тасида янги конституция қабул қилди», дейилади постда.

Шунингдек, журналист мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жараёнлар янги мезонлар, талаблар ва қарашларни шакллантираётгани сабабли Конституцияда ўзгариш ва қўшимчаларни тақозо қилаётганини таъкидлаб ўтган. Таклиф сифатида «фуқаро» атамаси ўрнига жарангдор, маънодор «ватандош» атамаси қўлланилиши тўғри бўлишини қайд этган.

«Фикри ожизимча, ишни, энг аввало, ‘фуқаро’ атамасини ўзгартишдан бошлаш мақсадга мувофиқ. Нега фуқаро? Унинг ўрнига жарангдор, маънодор ‘ватандош’ атамаси қўлланилса ҳар жиҳатдан тўғри бўларди», деб ёзади уюшма раиси.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қонунчилик палатасида 17 май куни ўтказилган «ЎзЛиДеП» ва «Миллий тикланиш» фракцияларининг қўшма йиғилишида Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ташаббуси маъқулланганди. Шу билан бирга, Алишер Қодиров Конституция масаласи ҳали ташаббус босқичида эканини айтиб, айнан қайси моддалар ўзгартирилиши ҳақида аниқ маълумот йўқлигини қайд этган.

Bugun — LIVE