Жаҳон - 22:34 · 17.05.2022

Қўшинларни бошқараётгани айтилган Путин, «Азовсталь» ҳудудидан эвакуация қилинган ярадорлар ва тўхтаб қолган музокаралар

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 17 май куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «AFP»

Россия президенти Владимир Путин мамлакатнинг Украинадаги қўшинларини шахсан, «бригада генерали даражасида» бошқараётгани айтилди. Бу ҳақда Ғарб ҳарбий манбаларига таяниб, «The Guardian» хабар берди.

Таъкидланишича, Россия президенти Украинадаги уруш масаласида шахсан оператив ва тактик қарорлар қабул қилишда қатнашган. Нашр суҳбатдошларининг айтишича, Путин Россия Бош штаби раҳбари, генерал Валерий Герасимов билан ҳамон яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. «Биз тактик қарорлар қабул қилишда Путин ва Герасимов одатда полковник ёки бригада генералидан кутиладиган даражада иштирок этаётганига ишонамиз», — дейилган хабарда.

Қайд этилишича, манбалар бу даъвони тасдиқловчи бошқа тафсилотларни келтирмаган. Нашрга кўра, Путиннинг урушдаги шахсий иштирокига берилган баҳо разведка маълумотларига асосланган. Бошқа манбалар ҳозирча бу маълумотни тасдиқламаган. Кремль эса хабар юзасидан изоҳ бермаган.

Владимир Путин яқин кунларда Туркияга ташриф буюриши кутилаётгани айтилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Орадан бироз вақт ўтиб эса, нашр бу ҳабар ўз тасдиғини топмаганини маълум қилди. Қайд этилишича, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Путин яқин кунларда Анқарага боришни режалаштирмаётганини таъкидлаган.

Мариуполдаги «Азовсталь» заводи ҳудудидан ҳарбийлар эвакуация қилинди. Бу ҳақда Украина Бош вазири ўринбосари Ирина Верешчук ўзининг Telegram каналида хабар берди.

Маълум бўлишича, «Азовсталь» ҳудудида гуманитар операция давом этмоқда.

«Кеча 52 нафар оғир яраланган ҳарбийларимиз уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида эвакуация қилинди. Уларнинг аҳволи барқарорлашгандан кейин биз уларни рус ҳарбий асирларига алмаштирамиз.

Биз гуманитар операциянинг кейинги босқичлари устида ишлаяпмиз. Худо хоҳласа, ҳаммаси яхши бўлади», — деган сиёсатчи.

Аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги 16 майдан бери заводдаги 265 киши қуролини ташлаб, таслим бўлгани, жумладан, 51 киши жиддий жароҳат олгани ҳақида хабар берган эди. Россия томони украиналик ҳарбийларнинг асирга олинган россияликларга алмашинуви ҳақидаги маълумотга изоҳ бермаган.

Украина Россия билан музокаралар тўхтатилганини тасдиқлади. Бу ҳақда Украина президенти девони раҳбари Михаил Подоляк маълум қилди.

«Украина ва Россия Федерацияси ўртасидаги музокаралар жараёни тўхтатилди. Бироқ, у қайта тикланади ва менимча, Зеленский модератор бўлади», — деган Подоляк.

Сиёсатчининг қўшимча қилишича, Украина «Путиннинг юзини сақлаб қолиш учун» ҳеч нарса бермоқчи эмас.

Аввалроқ Россия ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко Украина Россия билан музокаралар жараёнидан «амалий» чиқиб кетганини маълум қилганди.

Россия президенти Владимир Путин Россия нефть ва газини рад этиши сабабли Европада энергиянинг энг юқори нархлари кузатилишини айтди. Бу ҳақда «Медуза» хабар берди.

Маълум бўлишича, бу ҳақда Россия президенти нефть саноатини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда гапирган. Путин Европа давлатлари Россиянинг нефть ва газидан бутунлай воз кечолмаслигини таъкидлаган. Агар шундай бўлса, «дунёдаги энергия ресурслари энг қиммат минтақага» айланишига ишончи комил эканини маълум қилган.

«Европаликлар Россия энергия ресурсларидан ҳали тўлиқ воз кечолмаслигини очиқ тан олмоқда. Энергетика балансида Россия углеводородлари улуши айниқса юқори бўлган баъзи Европа Иттифоқи давлатлари узоқ вақт давомида бизнинг нефтимиздан воз кечиб кета олмаслиги аниқ.

Россиянинг энергия манбаларидан воз кечиш Европанинг тизимли равишда, узоқ муддатли истиқболда дунёдаги энергия ресурслари нархи энг юқори бўлган минтақага айланишини англатади», — деган Россия раҳбари.

Bugun — LIVE