Сиёсат - 19:06 · 17.05.2022

Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президентини туғилган куни билан табриклади

Шавкат Мирзиёев 17 май куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари Қозоғистон президентини таваллуд куни билан самимий муборакбод этиб, унга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, биродар Қозоғистонга тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Ўзбекистон–Қозоғистон дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилган.

2022 йил бошидан ўзаро савдо кўрсаткичлари барқарор ошиб бормоқда. Яқинда мамлакатлар ўртасида темир йўлда йўловчи ташиш қайта тикланган.

16 май куни Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукумат делегациялари ўтказган музокараларнинг амалий натижалари юқори баҳоланди. Қўшма кооперация лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишни жадаллаштириш муҳим экани таъкидланди.

Икки мамлакат етакчилари халқаро кун тартиби ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашган.

Bugun — LIVE