Жаҳон - 23:29 · 17.05.2022

«Толибон» ҳаракатининг энг кўп қидирилаётган етакчиларидан бири илк марта интервью берди — видео

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон» ҳаракати ҳукуматидаги ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний илк бор хорижий журналистлар — Американинг «CNN» телеканалига интервью берди.

Фото: «Коммерсант»

Ҳаққоний «Ҳаққоний тармоғи» гуруҳининг раҳбари, шунингдек, АҚШ томонидан энг кўп қидирилаётган шахслардан бири саналади. Афғонистон Ички ишлар вазирлигининг амалдаги раҳбарини қўлга олиш ёки йўқ қилишга ёрдам берадиган маълумот учун АҚШ расмийлари 10 миллион доллар мукофот таклиф қилган.

«CNN» журналистининг Ҳаққоний билан суҳбати 17 май куни телеканал томонидан эълон қилинган. Унда «Толибон» ҳаракати ҳукуматидаги ички ишлар вазири Афғонистонда аёлларнинг таълим олишига қарши чиқувчи «ҳеч ким йўқлигини» айтган.

«Биз ҳаммамиз ишонамизки, таълим Худонинг марҳамати сифатида яратилган бўлиб, у эркаклар ва аёллар учун бирдек зарурдир. Юқорида айтиб ўтганимдек, таълимга қарши бўладиган ҳеч ким йўқ», — деган у.

Ички ишлар вазири «АҚШни ҳали ҳам ‘душманʼ деб ҳисоблайсизми?» деган саволга эса ҳаракат уларга душман сифатида қарамаслигини ва 2020 йил февралдаги Доҳа келишувига содиқлигини билдирган.

«Кичик аниқлик киритмоқчиман. Охирги 20 йиллик давр ҳаракат томонидан мудофаа жанглари ҳолати бўлди. Доҳада тинчлик келишувига эришилгач, биз бу 20 йиллик можаро ҳақида гапирмасликка қарор қилдик. Келажакда АҚШ ва халқаро ҳамжамият билан яхши муносабатларга эга бўлишни хоҳлаймиз», — деган Ҳаққоний.

Шунингдек, у Афғонистоннинг собиқ президенти Ашраф Ғани ҳукумати «Толибон» ҳаракатининг ҳокимиятни тинч йўл билан қўлга киритиш ҳаракатларига қаршилик қилганини, энди эса уларнинг душманлари «ҳаракат ҳақида ёмон миш-мишлар тарқатаётганини» айтган.

Аввалроқ «Толибон» ҳаракатининг 2 гуруҳи ўртасида қуролли тўқнашув содир бўлганди. Шунингдек, «Толибон» етакчилари ўртасида ўзаро кураш бошлангани маълум қилинган.

Bugun — LIVE