Жамият - 20:34 · 17.05.2022

ХТВ «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини ўтказиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқди

Халқ таълими вазирлиги «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини ўтказиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Uz24»

Маълум қилинишича, 25 май куни барча умумий ўрта таълим муассасаларида 2021–2022 ўқув йили якунланиб, «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари бўлиб ўтади. Ушбу тадбирни ташкил этиш бўйича Халқ таълими вазирлиги тавсиялар ишлаб чиқиб барча мактабларга юборган. Тадбирлар мактаб ҳовлиси боғида ёки соя салқин очиқ майдонларида ўтказилади. Мактаб ҳудудига бегона шахсларнинг киритилмаслиги назоратга олинади.

Мактабларда мазкур тадбир соат 8:00 дан 8:45 га қадар, тавсия этилган сценарий асосида ташкил этилади. Унда йил давомида аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эришган иқтидорли битирувчилар тақдирланиб, рағбатлантирилади.

«Шу ўринда барчага ‘Сўнгги қўнғироқ’ тадбирлари, босқичли назорат имтиҳонлари ва якуний давлат аттестацияларини ўтказишда, таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш борасида ўқувчи ва битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан турли хил пул йиғимлари қатъиян тақиқланганлигини эслатиб ўтамиз. Бундан ташқари, умумий ўрта таълим муассасалари раҳбарлари ҳамда ўқитувчиларга битирувчилар томонидан турли қимматбаҳо совғалар тақдим этиш, қўшимча турли тантанали тадбирларни (хонадонлар, ресторан ёки қаҳвахоналар ва ҳ.қ.да банкет ёки бошқа маросимлар) ўтказиш ва енгил автомашиналарда сайр ташкил этишни олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш сўралади», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, мактабларнинг «Кузатув кенгаши» аъзоларига юқорида келтириб ўтилган тавсияларга амал қилиниши устидан назорат олиб боради.

Аввалроқ Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон мактабларида карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини ўтказишга рухсат берганди.

Bugun — LIVE