Жаҳон - 17:20 · 18.05.2022

Афғонистонда Тожикистон ҳарбий-ҳаво кучларининг вертолёти уриб туширилгани айтилмоқда

Афғонистон чегарасини кесиб ўтган Тожикистон ҳарбий-ҳаво кучлари вертолёти 18 май куни уриб туширилгани маълум қилинди. Бу ҳақда «Orda.kz» хабар берди.

Фото: «AP»

Келтирилишича, Тожикистон Мудофаа вазирлиги бу маълумотни ҳозирча тасдиқламаган. Вертолёт тасодифан бошқа давлат ҳудудига тушиб қолганми ёки қасдданми, номаълум. Ўз навбатида, Тожикистон ҳукумати 18 май куни мамлакат жанубида «аксилтеррор операцияси» бошлаганини эълон қилган. Тоғли Бадахшон мухтор вилоятидан сўнгги бир неча кундан бери оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Ички ишлар вазирлиги намойишга баъзи хорижий кучлар жалб қилингани, улар исёнчиларни қурол-яроғ ва ўқ-дорилар билан таъминлагани ва 18 майда намойишчилар томонидан Хоруғ маъмурий марказига олиб борадиган йўлни тозалашга киришилганини айтган.

Шу билан бирга, аввалроқ асосан помирийлар ва қирғизлар истиқомат қиладиган автоном ҳудудда вилоят раҳбарининг истеъфога чиқиши ва йўлдаги барча тўсиқларни олиб ташлаш талаб қилинган. 16 май куни Хоруғдаги намойишчилар резина ўқ ва кўздан ёш оқизувчи газ билан тарқатиб юборилган, бир киши ҳалок бўлган, уч хавфсизлик ходими яраланган. Ҳозирда ҳудуддан маълумот олишнинг иложи йўқ, чунки Тоғли Бадахшонда уяли алоқа ва интернет ўчириб қўйилган. Тожикистон жамоат саҳифаларида мамлакатнинг қолган аҳолисини исёнчилар сафига қўшилиш тарғиб қилинган.

Уриб туширилган вертолёт намойишчиларни тинчлантириш операциясида иштирок этгани ва тасодифан қўшни давлатга ўтиб қолган бўлиши мумкинлиги прогноз қилинган. Мураккаб тоғли рельефи бўлган ҳудуд Афғонистон билан чегарадош. Хоруғдаги намойишларни Европада яшовчи тожикистонликлар ҳам қўллаб-қувватламоқда. Бир неча кун олдин улар Германия Рейхстагига плакатлар билан чиққан.

Фото: Telegram / @Khorog_

Туркистонда 18 май куни Чегара қўшинлари қўмондонлари кенгаши бўлиб ўтган. Унда Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон иштирок этган. Асосий мавзу МДҲнинг жанубий чегараларини ҳимоя қилиш масалалари бўлган.

Аввалроқ Афғонистондан Тожикистонга 7 та ракета учирилганди. Шунингдек, Россия ҳукумати Тожикистонга тожик-афғон чегарасида застава қуриш учун 100 миллион доллардан ортиқ маблағ ажратиши маълум қилинган.

Bugun — LIVE