Жаҳон - 16:01 · 18.05.2022

АҚШдан энг кўп ҳарбий ёрдам олган давлатлар маълум бўлди

Украина АҚШдан энг кўп ҳарбий ёрдам олган давлатга айланди. Бу ҳақда «The Washington Post» хабар берди.

Фото: «Defense News»

Маълум қилинишича, кейинги ўринларни Исроил ва Миср эгаллаган. 2014 йилдан 2021 йилгача АҚШ Украинага 2,7 миллиард доллар миқдорида ҳарбий ёрдам юборган. Украина ҳудудида уруш бошланганидан буён ушбу ёрдам ҳажми 3,8 миллиард долларни ташкил этган. Янги 40,1 миллиард долларлик ёрдам пакети мудофаа учун сарфланадиган 20 миллиард долларни ўз ичига олади.

АҚШнинг 2020-молия йилидаги сўнгги маълумотлар билан солиштирганда, Исроил бу даврда энг кўп ҳарбий ёрдам олган давлатга айланган. АҚШ бу мамлакатга 3,3 миллиард доллар, Мисрга 1,3 миллиард доллар, Иорданияга эса 0,51 миллиард доллар ажратган. Мутахассисларнинг фикрича, ҳарбий харажатларнинг ошиши Украинадаги уруш чўзилиши мумкинлигидан далолат беради.

Аввалроқ АҚШ Европага 10,5 минг аскарини жойлаштириши маълум қилинганди. Шунингдек, Зеленский АҚШ ажратаётган 40 млрд доллар нималарга сарфланишини айтган.

Bugun — LIVE