Жамият, Жаҳон - 21:00 · 18.05.2022

Бугун оқшоми. Жиззахдаги «самосуд», Термиз–Ҳайратон чегарасида қолиб кетган афғонларнинг тақдири ва энергоислоҳотлар

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ўзбекистон ДХХ ва Қирғизистон МХҚ раислари учрашди.

Фото: Facebook

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси ва Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раҳбари 17 май куни Жалолободда учрашув ўтказди.

Маълум бўлишича, учрашувда Қамчибек Ташиев ва Абдусалом Азизов вертолётда Жалолобод вилояти Ала-Бука туманининг Гавасой ҳудудидаги қирғиз–ўзбек чегарасидаги белгиланмаган ҳудудни кўздан кечирган.

Шунингдек, раҳбарлар турли масалаларни муҳокама қилган. Келтирилишича, йиғилишда тегишли қарорлар ҳам қабул қилинган.

Жиззахда ўқувчилар ҳижобли қизни «самосуд» қилди.

Кадр: Telegram

Жиззах шаҳрида ўқувчилар ҳижобли қизни «самосуд» қилгани акс этган видео тарқалди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати ҳолат бўйича муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, Боғишамол маҳалласида яшовчи мактаб ўқувчиси М.Н. ижтимоий тармоқда Шароф Рашидов тумани Истиқлол маҳалласида яшовчи М.А. билан мулоқотга киришган. Ўзаро ёзишмалар давомида улар ўртасида келишмовчилик юзага келган.

Шундан сўнг М.Н. ва М.А. Жиззах шаҳридаги ўқув марказида учрашиб, жанжаллашган. Ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар ИИБ ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Яхши янгилик: Ўзбекистон музейларига кириш бир ҳафта давомида бепул бўлади.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистон Давлат санъат музейида 18 май куни Халқаро музейлар куни муносабати билан очилиш маросими бўлиб ўтди. Маросим давомида музейларга бир ҳафта давомида кириш бепул бўлиши маълум бўлди. Бу ҳақда махсус мухбиримиз хабар берди.

Тадбирда бош вазир ўринбосари, туризм ва маъданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ҳам иштирок этган. Маълум бўлишича, музейлар ҳафта давомида соат 21:00 ва 22:00 гача ишлайди. Бу Маданий мерос агентлигига қарашли 7 та музей-қўриқхонанинг 124 та музейига тааллуқли ҳисобланади.

Таъкидланишича, Регистон, Ичан-қалъа, Арк қалъаси мамлакатнинг энг машҳур музейлари ҳисобланади. Тошкентда Ўзбекистон санъат музейи ва Ўзбекистон тарихи музейи мавжуд.

Термиз–Ҳайратон чегарасида қолиб кетган афғонларнинг тақдири нима бўлганди? «Bugun.uz» мухбири Сурхондарё вилояти ҳокимидан бу бўйича изоҳ олди.

Фото: «Bugun.uz»

Мухбиримиз Ҳайратон шаҳрида инсонпарварлик ёрдамини топшириш жараёнида Сурхондарё вилояти ҳокимидан чегарадаги афғонларнинг кейинги тақдири қандай кечгани тўғрисида маълумот сўради.

Эслатиб ўтамиз, «Толибон» ҳаракати ҳарбийлари 2021 йилнинг 14 август куни Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига бостириб киргани хабар қилинганди. 15 августга ўтар кечаси юзлаб афғонлар Ҳайратон–Термиз чегарасида тўпланиб, Ўзбекистон томонга ўтишга ҳаракат қилган.

Таъкидланишича, чегара ҳудудида йиғилган фуқароларнинг аксарияти ўз хоҳиши билан ортга қайтарилган. Айримлар эса визаси борлиги сабабли учинчи мамлакатга чиқиб кетган. Ўтказиш ҳудудида қолганларга эса тегишли тартибда ёрдам кўрсатилган.

«Албатта, Афғонистон фуқаролари Ўзбекистонга ўтганда чегара олди ҳудудидаги махсус жойда бўлган. Уларнинг аксарияти муваққат ҳукумат билан келишган ҳолда ортга қайтарилган.

Қарийб 2 ой давомида чегара ҳудудида қолганлар ҳам бўлди. Уларга тегишли тартибда ёрдам, озиқ-овқат берилди, тиббий кўрикдан ўтказилди. Ичкарида савдо-сотиқ учун имконият яратилди.

Визаси бор фуқароларнинг бошқа давлатга чиқиб кетиш ҳолати ҳам кузатилди. Ўзбекистондан ташқари қайси давлатга визаси бўлса, қонунчиликда белгиланган тартибда чиқариб юборилди.

Бирор бир Афғонистон фуқаросининг ҳуқуқлари поймол қилинмади. Айримлари буёққа ўтди. Ҳозир ҳам бемалол келиб-кетишмоқда, бизнес қилишяпти. Четда юрганлар ҳам Афғонистонга қайтиб келяпти», — дейди Сурхондарё ҳокими.

Барчаси ҳақида батафсил қуйидаги лавҳада кўришингиз мумкин:

Ўзбекистонда энергия ресурслари бозори ислоҳ қилишга зарурият борлиги маълум қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, Молия ҳамда Энергетика вазирликлари энергетика соҳасини ислоҳ қилишнинг зарурияти борлигини эълон қилди.

Маълум бўлишича, иссиқлик электр станцияларидаги (ИЭС) энергоблокларнинг аксарияти 25 йилдан ортиқ муддатда фойдаланиб келинмоқда, улар маънан эскирган технологиялардан фойдаланилади, уларнинг фойдали иш коэффициенти паст. Аҳоли сонининг ошиб бориши ва иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши натижасида юзага келадиган талабни таъминлаш учун энергия ресурслари ишлаб чиқаришнинг қўшимча қувватларини барпо этиш лозим.

Мисол учун, 2030 йилга бориб республика истеъмолчиларининг табиий газга бўлган йиллик талаби ҳозирги 54,2 млрд куб метрдан 65 млрд куб метргача ошиши ҳисоб-китоб қилинган.

Электр энергиясида эса бу кўрсаткич жорий 74 млрд кВт соатдан 110 млрд кВт соатгача ошиши кутилмоқда. Йилига 110 млрд кВт соат электр энергияси етказиб бериш учун қўшимча равишда 19 ГВт қувватли янги электр станциялари қурилиши талаб этилади. Мазкур энергоресурслар бўйича қўшимча қувватларни яратиш учун камида 25 млрд доллар маблағлар зарур. Ваҳоланки, «Ўзбекнефтгаз» АЖ ва «Иссиқлик электр станциялари» АЖнинг амалдаги молиявий ҳолати бу қийматдаги лойиҳаларни амалга оширишга имкон бермайди.

Шу билан бирга, мазкур корхоналар томонидан кредит маблағларининг жалб этилиши ўз навбатида республиканинг ташқи қарзи ҳажмининг ошишига олиб келади. Шундан келиб чиқиб, соҳага хусусий инвестицияларни, шу жумладан давлат-хусусий шерикчилик тамойили асосида кенг жалб этиш келажакда янги қувватларни яратишнинг бирдан-бир йўли бўлиб ҳисобланади.

Бунда, энергетика соҳасига хусусий инвестицияларни жалб қилишнинг энг зарурий шарти – бу улар иштирокида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини рентабелли, яъни фойда келтирадиган нархларда сотиш бўлиб ҳисобланади. Юқоридагилардан келиб чиқиб, республиканинг йилдан йилга ошиб бораётган энерго ресурслар талабини барқарор ва тўлиқ таъминлаб бориш ҳамда соҳага хусусий инвестицияларнинг кириб келишини таъминлаш учун республика энергия ресурслари бозорини босқичма-босқич ислоҳ қилиш зарур.

Хўш, оламда нима гап?

ЕИ Россия олигархларининг ҳибсга олинган активларини Украинани тиклашда фойдаланиши мумкин.

Европа Иттифоқи Россия олигархларининг ҳибсга олинган активларини Украинани тиклаш учун фойдаланиш имкониятини кўриб чиқади. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар берди.

Фото: Telegram/ @V_Zelenskiy_official

Маълум бўлишича, Германия молия вазири Европанинг бир қанча газеталарига берган интервьюсида Берлин Россия Марказий банкининг хориждаги заҳираларини олиб чиқиш ва бу маблағни реконструкцияни молиялаштиришга йўналтириш масаласини кўриб чиқишга тайёрлигини айтган. Келтирилишича, Украинага келаси уч ой ичида 15 миллиард долларлик молиявий тақчиллигини қоплашга ёрдам берадиган пакет таклиф қилинади.

Шунингдек, Киевга ҳукуматнинг шошилинч қонун лойиҳаларини молиялаштириш учун 7–9 миллиард евро миқдорида кредит ажратилади. Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба мамлакатни қайта тиклаш учун 1 триллион евро сарфланиши мумкинлигини айтган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE