Жамият - 12:40 · 18.05.2022

ДХХ жойларда гиёҳванд моддалар савдосига чек қўйди — видео

Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистон, Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятида гиёҳвандлик воситалари савдосига қарши тезкор тадбирлар ўтказди.

Кадр: Telegram

Маълум бўлишича, хизматнинг Қорақалпоғистон бўйича бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тўрткўл туманида яшовчи 1988 йилда туғилган фуқаро Самарқанддан Нукусга 2,1 килограмм героин моддасини олиб келиб, харидорга 90 минг долларга сотаётган вақтида қўлга олинди. Гиёҳвандлик воситаси тожикистонлик наркокуръер томонидан мамлакат ҳудудига ўтказилган.

Бу йўналишда ДХХ Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари ҳам божхона ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказган. Жумладан, Учтепа туманида яшовчи 1964 йилда туғилган муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланган шахснинг яшаш хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилган. Уйнинг шифт қисмига яшириб қўйилган 1,9 килограмм опий моддаси аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилган. Шунингдек, хонадонда тегишли ҳужжатлари бўлмаган 1 дона пневматик пистолет ҳам борлиги маълум бўлди.

Қайд этилишича, Фарғона туманида яшовчи 1976 ва 1997 йилларда туғилган икки фуқаро келаётган «Lacetti» Тошкентга кираверишдаги ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Автомашина салонида 939 грамм гашиш моддаси аниқланган ҳамда тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.

Аввалроқ ДХХ Тошкент вилоятига Тожикистондан келган поездда наркотик модда топгани ҳақида хабар берилганди.

Bugun — LIVE