Жамият - 14:00 · 18.05.2022

Фарғонада «Марказий Осиёда иқлим ўзгариши ва барқарор ривожланиш» доирасида тренинг ўтказилди

Фарғона шаҳрида 11–13 май кунлари Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган «Марказий Осиёда иқлим ўзгариши ва барқарор ривожланиш» лойиҳаси доирасида минтақавий тренинг ўтказилди.

Мазкур лойиҳа БМТ Тараққиёт дастури Тожикистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси Гидрометеорология агентлиги, Қирғизистон Табиий ресурслар, атроф-муҳит ва техник назорат вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази билан ҳамкорликда 2024 йилга қадар ҳаётга тадбиқ этилади. Тренингни ўтказиш жойи этиб Фарғона шаҳри бежиз танланмаган.

Фарғона водийсида Марказий Осиё аҳолисининг қарийиб 30 фоизи истиқомат қилади ва минтақадаги трансчегаравий ҳамда иқлим ўзгаришига мойил ҳудудлар орасида иқлим узгариши хавфи энг юқори бўлган зона ҳисобланади. Сўнгги йигирма йил давомида минтақада қайд этилаётган табиий офатлар ва экстремал об-ҳаво ҳодисаларининг сони 200 тадан 400 дан ортиқ кўрсаткичга етди.

Бу ҳолатларнинг ортиши аҳолининг ижтимоий ва экологик фаолиятига таҳдид солади, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, энергетика ва соғлиқни сақлаш соҳаларига салбий таъсир кўрсатади. Уч кун давомида Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг қишлоқ ва сув хўжалиги, фавқулодда вазиятлар бошқармалари, гидрометеорология хизмати мутахассислари иқлим ўзгариши билан боқлиқ ҳам глобал, ҳам минтақавий миқёсда хавфларни олдини олиш ва аҳолини эрта огоҳлантириш соҳасидаги амалий билимларга эга бўлди.

Тренингнинг иккинчи куни иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича Фарғона вилоятида амалга оширилаётган амалий ишлар билан танишиш мақсадида иштирокчилар Қўштепа туманидаги «Fergana Global Textile» кластерига ва Фарғона вилояти гидрометеорология бошқармасига ташриф буюрди. Хусусан, «Фарғона водийсида фермерларини иқлим ўзгариши хатарларига мослашиш ва барқарорлигини ошириш» ҳамкорлик лойиҳаси доирасида Фарғона вилоятида БМТ Тараққиёт дастури томонидан ўрнатилган хавф-хатарлардан эрта огоҳлантириш инновацион тизимлари тақдимоти ўтказилди.

Якуний кунда иқлим ўзгаришига мослашиш чора-тадбирлари ва миллий даражада иқлимга чидамли ривожланиш моделлари, шунингдек, табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича ҳамкорликнинг институционал ва ҳуқуқий асослари бўйича экспертларнинг баҳоси ва соҳа мутахассисларининг тавсиялари берилди. Ҳамкор ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли иқлим ва ўзгаришига мослашиш бўйича минтақавий йўналишлари белгилаб олинди ва қўшма ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди.

Bugun — LIVE