Иқтисод, Тошкент ш. - 11:05 · 18.05.2022

Ўзбекистон ва Исроил туризм соҳасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга доир келишув имзоланди

Тошкент шаҳридаги «Hilton» меҳмонхонасида 17 май куни Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамда Исроил давлати Туризм вазири Йоэль Развозов ўртасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга доир келишув имзоланди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, мазкур ҳужжат икки мамлакат ўртасида ўзаро сайёҳлар оқимини ошириш, авиарейсларни кўпайтириш ҳамда туристик бизнес вакиллари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, ўзаро эфир вақтларини алмашиш, икки мамлакатнинг машҳур мусаввирлари кўргазмаларини ташкил қилиш, Самарқанддаги «Ипак йўли» халқаро туризм университети ва Исроилдаги ҳамкор ўқув муассасалари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришни кўзда тутади.

Имзолаш маросимидан сўнг Ўзбекистон ва Исроил туризм вазирлари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди. Жумладан, Йоэль Развозов Ўзбекистоннинг бой тарих ва маданий меросга эга мамлакат эканини қайд этиб, исроилликларнинг юртимизга саёҳат қилиш истаги тобора ошиб бораётганини таъкидлади. Шунингдек, юқори мартабали меҳмон мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бунёдкорлик ишларини алоҳида эътироф этган.

Йоэль Развозовнинг сўзларига кўра, Келишувнинг имзоланиши Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда ўзаро сайёҳлар оқимини сезиларли даражада ошириш йўлида хизмат қилади.

Эслатиб ўтамиз, 17 май куни Ўзбекистон ва Исроил вазирлари пойтахтимизда бўлиб ўтган «Tashkent Travel Mart 2022» халқаро кўргазмасида иштирок этгани хабар қилинганди. Тадбир доирасида расмийлар туристик бизнес ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатлашган.

Bugun — LIVE