Жаҳон - 23:28 · 18.05.2022

Қозоғистонда 500 киши Орол денгизи тикланишини сўраб, намоз ўқиди — видео

Қозоғистоннинг Қизилўрда вилоятида қурбонлик маросими бўлиб, Орол денгизининг тикланиши учун жамоавий намоз ўқилди. Бу ҳақда «Tengrinews» хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, унда 500 га яқин киши иштирок этган. Ташкилотчилар «Тұран Ойпаты — Арал теңізі» нодавлат нотижорат ташкилоти, «Байтак» экопартияси, шунингдек, Орол муаммосига бефарқ бўлмаган инсонлар бўлган.

«‘Орол денгизига сув қайтадими?’ экомарафон— 2022’да иштирок этиш учун вилоятга маҳаллий ва хорижий олимлар, экологлар, вилоят фаоллари, журналистлар, маҳаллий аҳоли вакиллари келган. Орол денгизи муаммолари муҳокама қилинганbдан сўнг қуриб бораётган сув омборини тўлдириш ва жонлантириш мақсадида ‘Тасаттик’ маросими ўтказилган», дейилади хабарда.

«Тасаттик» — қозоқларнинг ёмғир ёғдиришга оид қадимий маросимидир. Узоқ давом этган қурғоқчилик даврида одамлар ёмғир сўраб намоз ўқиган ва қурбонлик қилган. Кейин маросим иштирокчиларига ҳайвоннинг гўшти тарқатилган.

«Қурбонлик маросимидан сўнг жамоавий намоз ўқилган, унда оролликлардан ташқари узоқ хориждан келган меҳмонлар ҳам иштирок этган», дейилган хабарда.

Аввалроқ Орол денгизи Халқаро космик станциядан суратга олинганди. Шунингдек, Орол денгизининг қуриган тубида 500 минг гектарлик ўрмонзор яратилиши маълум қилинган.

Bugun — LIVE