Жаҳон - 19:47 · 18.05.2022

Тожикистон шарқига қуролли гуруҳ ҳужум қилди

Тожикистон хавфсизлик кучлари 18 май куни Тоғли Бадахшонда аксилтеррор операциясини ўтказиш жараёнида қуролли гуруҳни аниқлади. Бу ҳақда «Ховар» хабар берди.

Фото: Иллюстратив / «ia-centr.ru»

Жиноий гуруҳ аъзолари Душанбедан Хитойга олиб борувчи автомобил йўлини ноқонуний равишда тўсиб қўйган, «жамоат тартибини таъминлаш ва тўсиқсиз ҳаракатни тиклаш» операцияси бошланган. Ички ишлар вазирлиги жиноятчилар халқаро террорчи ташкилотлар кўмагида мамлакатга қурол-яроғ ва ўқ-дорилар олиб кириб, чет эллик ёлланма аскарларни жалб қилгани ҳамда хавфсизлик кучларига қуролли қаршилик кўрсатганини маълум қилган. Бунинг оқибатида 1 нафар зобит ҳалок бўлган, 13 аскар яраланган. Тожикистон хавфсизлик кучлари жиноий гуруҳни таслим бўлишга чақирган.

Аксилтеррор операцияси давомида 8 нафар жангари йўқ қилинган, яна 11 нафари яраланган. Жиноий гуруҳнинг 70 дан ортиқ аъзосини қўлга олинган. Кўп миқдорда қурол-яроғ ва ўқ-дорилар, шунингдек, «Молотов коктейллари» мусодара қилинган.

Маълумот ўрнида, 16 май куни Хоруғда губернатор ва мернинг истеъфосини талаб қилиб оммавий норозилик намойишлари бошланган. Улар ноябрдаги намойишлар иштирокчисининг ўлими бўйича тергов жараёнидан норозилик билдриган. Митингни тарқатиш учун газ ва резина ўқлардан фойдаланилган, шаҳарда интернет ўчирилган.

Шундан сўнг вилоят прокурори маҳаллий расмий Маҳмадбокиров ва Тожикистонда тақиқланган «Миллий альянс» раиси ўринбосари Шерзамоновни халқни тартибсизликларга чақириш ва бу орқали мамлакат хавфсизлигига путур етказишда айблаган.

Аввалроқ Қирғизистон ва Тожикистон чегарадаги отишма бўйича музокара ўтказганди. Шунингдек, Афғонистондан Тожикистонга 7 та ракета учирилганди.

Bugun — LIVE