Жаҳон - 15:02 · 18.05.2022

Туркия NATO’га ультиматум қўйди

Туркия Швеция ва Финляндиянинг NATO’га киришини маъқуллаш эвазига бир қатор талабларини илгари сурди. Бу ҳақда туркиялик юқори мартабали амалдорларга таяниб, «Bloomberg» хабар берди.

Фото: «Reuters»

Маълум қилинишича, Анқара Россиянинг С-400 ҳаво мудофаа тизимларини сотиб олиши учун санкцияларни олиб ташлашни, шунингдек, Туркияни F-35 илғор қирувчи самолётлари дастурига қайта киритишни талаб қилмоқда. Бундан ташқари, мамлакат АҚШдан ўнлаб F-16 қирувчи самолётларини сотиб олишга ва мавжуд флоти учун тўпламларни янгилашга умид қилмоқда.

Таъкидланишича, Туркия Швеция ва Финляндиянинг мамлакатга қурол экспортига қўйган чекловларини бекор қилишини истайди. Скандинавия давлатлари бу тақиқни Туркиянинг 2019 йилда Сурияга бостириб кириши ортидан, Анқара курдлар гуруҳини давлат чегарасидан сиқиб чиқаришга уринганида жорий қилган.

Швеция, Финляндия ва Туркия ўртасидаги қурол савдоси аҳамияциз бўлиб, йирик мудофаа харидлари кутилмаса ҳам, Анқара қурол-яроғ битимларига тўсқинлик қилаётган давлатларнинг NATO’га қўшилишига рози бўлмайди.

Туркия курдлар борасида ҳам ўз шартларини қўйган. Давлат Швеция ва Финляндиядан Курдистон ишчилар партиясини террор ташкилоти деб тан олишни, мамлакатларидаги ҳаракат тарафдорларининг фаолиятини бостиришни талаб қилган.

Аввалроқ Швеция NATO’га аъзолик аризасини имзолаганди. Шунингдек, Финляндия президенти NATO’га қўшилиш сабабини айтганди.

Bugun — LIVE