Сиёсат, Сурхондарё - 15:35 · 18.05.2022

Видео: Термиз–Ҳайратон чегарасида қолиб кетган афғонларнинг тақдири нима бўлганди?

«Толибон» ҳаракати ҳарбийлари 2021 йилнинг 14 август куни Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига бостириб киргани хабар қилинганди. 15 августга ўтар кечаси юзлаб афғонлар Ҳайратон–Термиз чегарасида тўпланиб, Ўзбекистон томонга ўтишга ҳаракат қилган.

Фото: «Bugun.uz»

«Bugun.uz» мухбири Ҳайратон шаҳрида куни инсонпарварлик ёрдамини топшириш жараёнида Сурхондарё вилояти ҳокимидан чегарадаги афғонларнинг кейинги тақдири қандай кечгани тўғрисида маълумот сўради.

Таъкидланишича, чегара ҳудудида йиғилган фуқароларнинг аксарияти ўз хоҳиши билан ортга қайтарилган. Айримлар эса визаси борлиги сабабли учинчи мамлакатга чиқиб кетган. Ўтказиш ҳудудида қолганларга эса тегишли тартибда ёрдам кўрсатилган.

«Албатта, Афғонистон фуқаролари Ўзбекистонга ўтганда чегара олди ҳудудидаги махсус жойда бўлган. Уларнинг аксарияти муваққат ҳукумат билан келишган ҳолда ортга қайтарилган.

Қарийб 2 ой давомида чегара ҳудудида қолганлар ҳам бўлди. Уларга тегишли тартибда ёрдам, озиқ-овқат берилди, тиббий кўрикдан ўтказилди. Ичкарида савдо-сотиқ учун имконият яратилди.

Визаси бор фуқароларнинг бошқа давлатга чиқиб кетиш ҳолати ҳам кузатилди. Ўзбекистондан ташқари қайси давлатга визаси бўлса, қонунчиликда белгиланган тартибда чиқариб юборилди.

Бирор бир Афғонистон фуқаросининг ҳуқуқлари поймол қилинмади. Айримлари буёққа ўтди. Ҳозир ҳам бемалол келиб-кетишмоқда, бизнес қилишяпти. Четда юрганлар ҳам Афғонистонга қайтиб келяпти», — дейди Сурхондарё ҳокими.

Эслатиб ўтамиз, «Толибон» ҳаракати 2021 йилнинг август ойи ўрталарида Балх вилояти ҳудудлари, хусусан, Мозори Шариф шаҳрига бостириб кирганди. «Bugun.uz» мухбирига кўра, ҳукумат вакиллари 14 август куни тунда шаҳарни жангсиз топширган. 15 августга ўтар кечаси эса Ҳайратон–Термиз чегарасида кўплаб афғонлар йиғилди.

Кейинчалик 15 август куни соат 12:44 да «Дўстлик» кўпригида вазият барқарор экани айтилиб, чегара ҳудуди хавфсиз даражада экани маълум қилинганди. Ижтимоий тармоқ фаоллари ушбу ҳудуддан видео эълон қилиб, Ўзбекистон ҳарбийлари туну кун хизмат вазифасини бажараётганини айтганди.

Бундан ташқари, 14 август куни Афғонистон Қуролли Кучларининг 84 нафар ҳарбий хизматчи гуруҳи давлат чегарасини кесиб ўтган ва улар Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати чегара отрядлари томонидан ушланган. Афғонистон ҳарбийлари уч ярадорга тиббий ёрдам кўрсатишни сўраган.

Афғонистон фуқароларига санитария-эпидемиология тадбирлари ўтказилган, уларнинг айримларига тиббий ёрдам кўрсатилган, шунингдек, озиқ-овқат ва уларнинг вақтинчалик жойлашиши ташкил этилган.

Bugun — LIVE