8:11 | 19.05.22 1246

Бўстонлиқда салкам 12 млн долларга қурилган эко дам олиш маскани очилди — фото

Очилиш маросимида туризм ва маданий мерос вазири иштирок этди

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чимбойлик қишлоғида 18 май куни янги «Green hills resort» эко дам олиш маскани иш бошлади. Уни туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов очиб берди, дея хабар бермоқда «Bugun.uz» мухбири.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, ҳудудда жойлашган ёғоч уйлар экологик тахтадан қурилган бўлиб, Финляндия компанияси томонидан лойиҳалаштирилган ва етказиб берилган. Эко маскан ҳудудида бугунги кунда 11 та коттеж меҳмонларни қабул қилишга тайёр. Келгусида коттежлар сонини 40 тага етказиш режалаштирилган. Қурилиш жараёнида ҳудуддаги мавжуд барча дарахтлар сақланиб қолинган, қўшимча равишда яна 800 тупдан ортиқ турли навдаги дарахт кўчатлари экилган.

Шунингдек, ушбу дам олиш масканини лойиҳалаш ва қуришда табиат ҳамда фаол дам олиш ўртасида уйғунлик яратишга эътибор қаратилган. Ушбу масканда спорт ва ўйин майдончалари, хусусан, мини-футбол, шахмат, арқонли майдонча, сузиш ҳавзаси мавжуд. Бундан ташқари, тоғ ён-бағирлари ва сойлар бўйлаб сайр қилиш мумкин.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

Очилиш маросимида сўзга чиққан бош вазир ўринбосари, туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов тадбиркорлар ҳудудга 12 миллионга яқин инвестициялар киритганини, маскан экология тематикасига яқинлигини айтди. Маскан директорига вазирлик томонидан фаолиятини бошлаш учун махсус сертификат топширди.

«Ҳудудда 12 миллион долларга яқин инвестициялар киритиб, жуда ҳам гўзал масканни яратишди. Албатта, бу ҳаммаси, авваламбор, халқимизга, келадиган хорижий сайёҳларимизга хизмат қиладиган масканга айланади. Энг асосийси, бу ерда маҳаллий аҳоли иш билан таъминланади. Бу ерда 95 та янги иш ўрни ташкил қилинди. Шундан 60 та иш ўрнига ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли, жумладан, аёллар ва ёшлар олинган. Бугунги лойиҳани алоҳида таъкидлаб ўтадиган жиҳати шундаки, у экология тематикасига жуда яқин. Масканга эко бренди ҳам берилади. Яқин кунларда меҳмонхона ҳам ўз фаолиятини бошлайди», — деди вазир.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

Таъкидланишича, «Green hills resort» йилнинг тўрт фаслида дам олиш учун мўлжалланган бўлиб, нафақат индивидуал ёки оилавий меҳмонларни қабул қилиш имкониятига эга, балки корпоратив тадбирлар, жумладан, конференциялар, форумлар, корпоратив юбилейлар каби тадбирлар учун ҳам мўлжалланган.

Маълумот ўрнида, мазкур лойиҳа Президентининг Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш ва хорижий инвесторларни жалб этишга доир қарорларининг Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги ижроси доирасида амалга оширилган.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бўстонлиқ тумани тоғ тизмаларида поло спорти мусобақаси ҳамда янги баланд тоғ муз йўлагининг расмий очилиши бўлиб ўтгани ҳақида хабар берилганди.