Жамият, Жаҳон - 21:00 · 19.05.2022

Бугун оқшоми. Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистон президенти билан мулоқоти, фоҳишахоналар ҳақида гапирган адвокат ва ажрашаётган Алишер Усмонов

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

«Маҳалла» телеканали томонидан эфирга узатилган «Минбар» ток-шоусида адвокат Амрулло Аҳмедов фоҳишахоналар фойда келтираётганини айтди. Кейинчалик унинг ўзи ҳолат юзасидан тушунтириш берди.

Кадр: You Tube

Унинг маълум қилишича, телеканал орқали эфирга узатилган кўрсатувдан олинган кенг тарқалган видео аслида бошқа мақсадда айтилган фикрлар ташлаб юборилган ҳолда омманинг эътиборини тортиш ва унга нисбатан ёмон фикр уйғотиш учун монтаж қилинган.

«Шахсан менга бу ҳолатдан ким ёки қайси ташкилот манфаатдор бўлиши маълум эмас. Лекин фоҳишалар ёрдамида наркобизнесни тарғиб қилиш, ёшларимизни жиноят содир этиш йўлига етаклаш нотўғри усул эканини ва бундан воз кечиш зарурлиги таъкидламоқчи бўлиб айтилган гапларим шунчаки қирқиб ташланган. Ушбу нутқимда биз деб гапирганимнинг боиси ҳам ушбу иллатга барчамиз масъул эканлигимизни билдиради», — дея таъкидлаган адвокат. Шунақа гаплар.

Ўзбекистоннинг 4 ойдаги ташқи савдо айланмаси ҳажми маълум қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистоннинг 4 ойдаги ташқи савдо айланмаси 17,2 миллиард АҚШ долларига тенг бўлди. Бу ҳақда Статистика қўмитаси «Bugun.uz»га хабар берди.

Қўмита маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь-апрель ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 17,2 миллиард долларга тенг бўлган. Бу 2021 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 6,5 миллиард долларга ёки 61,2 фоизга ошган. Унда экспорт 7,1 миллиард долларни ташкил этган. Шундан:

  • маҳсулотлар — 6,2 миллиард доллар;
  • хизматлар — 837 миллион долларга етган.

Шунингдек, 4 ойдаги ташқи савдо айланмасида импорт 10,1 миллиард долларга етган. Бунда:

  • маҳсулотлар — 9,4 миллиард доллар;
  • хизматлар — 727 миллион доллар
  • сальдо — 3 миллиард долларни ташкил этган.

Самарқанд вилояти Қўшрабод туманида ички ишлар органи ходими аёлга куч ишлатаётгани акс этган видео тарқалди. Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Кадр: Telegram

Маълум бўлишича, воқеа 2021 йилнинг 16 июнь куни Қўшрабод тумани прокуратураси биносида содир бўлган. Видеода ички ишлар органи ходими аёлнинг қўлини қайириб, олиб кетаётгани акс этган.

Мазкур ҳолат Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик хизмати томонидан ўрганилмоқда. Ходимнинг ҳаракатлари тўлиқ текширилиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилади.

Шавкат Мирзиёев 19 май куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Турли даражаларда ўзаро мулоқот ва алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик кенгайиб бормоқда – йил бошидан товар айирбошлаш 30 фоизга ошган.

Эришилган келишувларни амалга ошириш ҳамда бешта муҳим йўналиш – Давлат чегарасига оид масалаларда, савдо-сотиқни кўпайтириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, транспорт ва энергетика соҳаларида қўшма инфратузилма лойиҳаларини илгари суриш борасидаги амалий ҳамкорликда аниқ натижаларга эришишга алоҳида эътибор қаратилган.

Минтақавий мулоқот масалалари муҳокама қилинар экан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви кун тартибини ҳар томонлама тайёрлаш муҳимлиги қайд этилган.

Етакчилар бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини ҳам кўриб чиққан. Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқлик, ишонч ва дўстлик руҳида ўтган.

Хўш, оламда нима гап?

Миллиардер Алишер Усмонов рафиқаси, Умумроссия бадиий гимнастика федерацияси президенти Ирина Винер билан ажрашмоқда.

Фото: «Getty Images»

Маълум қилинишича, улар 50 йилга яқин бирга яшаб, шундан 30 йил қонуний никоҳда бўлган. Уларнинг ҳар бири алоҳида уйга эгалиги, турмуш ўртоқлар ҳатто бирга яшамаслиги таъкидланган. Ажрашиш учун ариза 4 май куни келиб тушган. Шу билан бирга, Усмонов ишда фуқаровий даъвогар, Винер эса жавобгар сифатида иштирок этади.

Энди эр-хотин умумий мулкни бўлишиши керак. Мулкнинг бир қисми яқинда санкцияларга учраган: Францияда миллиардернинг иккита вертолёти, Германияда эса онаси номи билан аталган 156 метрлик «Dilbar» яхтаси ҳибсга олинган. Ҳозирча на Винер, на Усмонов ажрашиш қарорига изоҳ бермаган.

Эстония, Литва, Латвия ва Польша NATO’дан ҳар бир давлатдаги ҳарбийлар сонини 2 мингдан 6 минг кишигача оширишни сўради.

Фото: «Getty Images»

Ушбу мамлакатлар альянсдан ҳудудида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини жойлаштиришни ҳам сўраган. «Россиянинг NATO аъзоларига нисбатан ҳарбий тажовузини инкор эта олмаймиз. Россия ўз қуролли кучларини тезда NATO’нинг шарқий чегараси яқинида тўплаши мумкин», дейилади хабарда.

Болтиқбўйи режасига кўра, NATO қўшинларининг тўлиқ бўлинмасини доимий равишда жойлаштирилмаслик керак. Аммо 20 мингга яқин аскар контингенти ҳар бир давлат таҳдид остида бўлса, тезда жам бўлиши тахмин қилинмоқда.

Ҳозирда Польша ҳудудида 10 мингдан ортиқ америкалик ҳарбийлар бор, уларнинг сони Россиянинг Украинага бостириб киришидан олдин 4500 га яқин бўлган. Шу билан бирга, Варшава келажакда бундан ҳам кўпроқ аскарлар бўлишига умид қилмоқда. Бироқ Шимолий Атлантика альянсининг ушбу ҳудудларда ҳарбий мавжудлигини кенгайтиришни NATO’нинг барча аъзолари маъқулланмаган. Жумладан, Франция ва Италия рус қўшинларининг тез орада Болтиқбўйи мамлакатлари ёки Польшага ҳужум қилиши эҳтимолига шубҳа билан қараган. Улар бундай режани амалга ошириш қиммат жараён бўлиб, бу бошқа давлатлардан қўшинларни жалб қилишини айтган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE