Жаҳон - 16:25 · 19.05.2022

iPhone 14 тақдимоти бўлиб ўтадиган сана маълум қилинди

Американинг «Apple» корпорацияси 13 сентябрь куни янги iPhone’ни тақдим этиши мумкин. Бу ҳақда «iDROP News» хабар берди.

Фото: «Sky News»

Компания бу каби тақдимотни анъанага кўра сентябрь ойининг сешанба кунларидан бирида ўтказади. Шу сабабли 2022 йил тақдимот 13 сентябрда бўлиб ўтиши кутилмоқда. Корпорация ҳозирча тадбир формати борасида бир қарорга келмаган. Агар АҚШда янги коронавирус эпидемияси қайд этилса, «Apple» 2021 йилгидек янги iPhone’ни онлайн тарзда тақдим этади.

Таъкидланишича, сентябрда компания тўртта смартфонни тақдим этади ва иккинчи авлод AirPods Pro қулқочинларининг сотувга чиқиш санасини маълум қилиши мумкин. Шу билан бирга, iPhone 14 нархи катта эҳтимол билан 799 доллар, iPhone  14 Max 899 доллар, iPhone 14 Pro 1099 доллар, iPhone 14 Pro Max  1199 доллардан бошланиши мумкин. Смартфонлардан ташқари корпорация Apple Watch 8, Apple Watch SE ва Extreme Edition ҳам тақдим этиши мумкин.

Аввалроқ iPhone 14 Pro Max’нинг юқори сифатли макети намойиш қилинганди. Шунингдек, iPhone 14 Max смартфонининг хусусиятлари санаб ўтилган.

Bugun — LIVE