Жамият - 21:28 · 19.05.2022

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига яна бир вазифа юклатилди

Президентнинг «Цемент-бетон қопламали автомобиль йўллари тармоғини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига яна бир вазифа юклатилди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, мазкур ҳужжат билан 2022 йилда цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш ишлари кластер усулида амалга оширилиши белгиланган. Бунда:

  • манзилли рўйхатлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан секторлар раҳбарларининг жойларда жамоатчилик фикри ва талабини инобатга олган ҳолда билдирган таклифлари асосида шакллантирилади ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан тасдиқланади;
  • лойиҳа ташкилотларини жалб этиш, масъул ташкилотлар билан техник шартларни келишиш, лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва уларни давлат экспертизасидан ўтказишни ташкил этиш ишлари буюртмачи ташкилотлар томонидан амалга оширилади;
  • ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари ҳамда шакллантирилган нархлар «Шаффоф қурилиш» электрон платформаси орқали давлат экспертизасидан ўтказилади;
  • кластер усулида цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш ишларини амалга оширувчи бош пудратчи ташкилот энг яхши таклифларни танлаб олиш орқали аниқланади.

Шунингдек, қарор билан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги зиммасига яна бир вазифа юклатилмоқда. Унга кўра, агентлик 2022 йилда кластер усулида цемент-бетон қопламали ички йўлларни қуриш ишларини молиялаштириш учун мазкур қарор доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши жараёнида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш устидан доимий назорат ўрнатади.

Аввалроқ  Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов агентликнинг 2021 йилдаги фаолияти юзасидан жамоатчилик олдида ҳисобот берганди.

Bugun — LIVE