Жаҳон - 23:55 · 19.05.2022

Маршал Дўстум Афғонистоннинг собиқ сиёсий ва нуфузли етакчилари билан учрашди

Толибон ҳаракати томонидан ҳокимият қўлга киритилгач Афғонистонни тарк этган бир неча афғон сиёсатчилари Туркияда учрашди. Бу ҳақда собиқ вице-президент, маршал Абдулрашид Дўстум раҳбарлик қилаётган «Афғонистон миллий ислом ҳаракати» партияси матбуот котиби Эҳсон Нирога таяниб, «TOLOnews» хабар берди.

Фото: «The New York Times»

Таъкидланишича, учрашувда Афғонистон Ислом бирлиги халқ партияси етакчиси Ҳожи-Муҳаммад Моҳақиқ, собиқ вице-президент Аҳмад Зиё Масъуд, парламент собиқ спикери Мир-Раҳмон Раҳмоний, собиқ молия вазири Абдул-Ҳади Аргандивал, шунингдек, собиқ ташқи ишлар вазири Салоҳиддин Раббоний қатнашган.

«Маршал Дўстум сиёсий ва нуфузли етакчиларни қабул қилди. Учрашув Афғонистонда қандай ўзгаришлар қилиш ҳақида фикр алмашиш учун ўтказилди», дейилади хабарда.

Келтирилишича, бу «Толибон» ҳаракати томонидан ҳокимият эгалланиши сабабли Афғонистонни тарк этган афғон сиёсатчиларининг биринчи учрашуви бўлган. Учрашув иштирокчилари нимага келишиб олишганлиги ҳақида хабар берилмаган.

Аввалроқ Маршал Абдулрашид Дўстумнинг Туркияда Покистон жосуслик агентлиги раҳбари билан учрашгани ҳақида хабар тарқалганди. Шунингдек, у 23 декабрь куни ҳарбий қўмондонлар билан учрашганди.

Bugun — LIVE