Сиёсат - 18:38 · 19.05.2022

Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари давлат чегарасига оид масалаларни муҳокама қилди

Шавкат Мирзиёев 19 май куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Турли даражаларда ўзаро мулоқот ва алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик кенгайиб бормоқда – йил бошидан товар айирбошлаш 30 фоизга ошган.

Эришилган келишувларни амалга ошириш ҳамда бешта муҳим йўналиш – Давлат чегарасига оид масалаларда, савдо-сотиқни кўпайтириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, транспорт ва энергетика соҳаларида қўшма инфратузилма лойиҳаларини илгари суриш борасидаги амалий ҳамкорликда аниқ натижаларга эришишга алоҳида эътибор қаратилган.

Минтақавий мулоқот масалалари муҳокама қилинар экан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашуви кун тартибини ҳар томонлама тайёрлаш муҳимлиги қайд этилган.

Етакчилар бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини ҳам кўриб чиққан. Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқлик, ишонч ва дўстлик руҳида ўтган.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 17 май куни Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилганди. Икки мамлакат етакчилари халқаро кун тартиби ва минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашган.

Bugun — LIVE