Жаҳон - 22:35 · 19.05.2022

Россияни буғдой ўғирлашда айблаётган Украина, Италиянинг урушни тугатиш бўйича режаси ва ходимларини Россиядан олиб кетаётган Google

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 19 май куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «AFP»

Украина Олий Радаси Россияни Украинанинг босиб олинган вилоятларидан 400 минг тоннага яқин донни ўғирлашда айблади. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий сайтида хабар берилган.

Олий Раданинг Иқтисодий ривожланиш қўмитаси маълумотларига кўра, Россия бундан ташқари, дон омборларини бомбардимон қилмоқда ва Украина портларини тўсиб қўймоқда. Шу сабабдан Украина дон экинларини экспорт қила олмаяпти.

«Ҳозиргача биргина Одесса портида 25 миллион тонна ғалла блоклаб қўйилган, умуман олганда, Украина Россия томонидан портларни тўсиб қўйгани сабабли ҳар куни 170 миллион доллар йўқотиб, 90 миллион тонна дон экспорт қила олмаяпти», дейилади хабарда.

Google ўз ходимларининг аксариятини Россиядан олиб чиқиб кетди. Бу ҳақда «The Wall Street Journal» хабар берди.

Таъкидланишича, мазкур ишчилар Дубайга кўчиб кетган. Россияда қолишни танлаган ходимлар тез кунда корпорацияни тарк этиши айтилган. Шундай қилиб, Google яқинда Россиядаги барча ҳодимларини кўчиради ёки улар билан ҳамкорликни тугатади. Шу орқали компания мамлакатдаги тижорат фаолиятини тўхтатади.

Аввалроқ Google ўз хизматларини россияликларга тақдим этишда давом этишини маълум қилганди.

Россия Мудофаа вазирлиги бир сутка ичида «Азовсталь» ҳудудида бўлган 771 нафар жангчи таслим бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Россия ҳарбий бошқармаси маълумотларига кўра, жами 1 минг 730 нафар аскар таслим бўлган ва уларнинг 80 нафари ярадор ҳисобланади. Украина томони бу маълумотларга ҳозирча изоҳ бермаган.

Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари бир кун ичида Украинанинг 15 та дронини, шу жумладан, битта «Байрактар-Тб2»ни йўқ қилди. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлигининг брифингида маълумот берилди.

Бундан ташқари, брифингда Россия авиацияси Украина ҳарбий техникаси ва жангчилари тўпланган 58 та ҳудудга зарба бергани, 340 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлгани айтилган.

Италия Украинадаги инқирозни ҳал қилишнинг 4 босқичли режасини таклиф қилди. Бу ҳақда Италиянинг «La Repubblica» нашрига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.

Маълумотларга кўра, мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тузилган ҳужжат Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутеррешга топширилган. Ҳужжат қуйидагиларни ўз ичига олиши айтилган:

  1. БМТ назорати остида ўт очишни тўхтатиш ва тўқнашувлар чизиғини йўқ қилиш;
  2. Украинанинг қисқа вақт ичида Европа Иттифоқига кириши ва NATO’га кирмаган холда нейтрал мақомини сақлаши;
  3. Украина ва Россия ўртасида халқаро тан олинган чегаралар бўйича низоларни ҳал қилиш учун Донбасс ва Қримнинг «баҳсли ҳудудлари» тўғрисидаги келишувга эришиш;
  4. Европада қурол назорати ва низоларнинг олдини олишни таъминлайдиган тинчлик ва хавфсизлик бўйича янги, кўп томонлама шартномага эришиш.

Bugun — LIVE