Иқтисод - 22:04 · 19.05.2022

Шавкат Мирзиёев геология соҳасидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди — фото

Президент Шавкат Мирзиёев 19 май куни геология соҳасини янада ривожлантириш, фойдали маъданлар ва ерости суви захираларини кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, сўнгги йилларда мамлакатда геологияси ҳам илм, ҳам технология жиҳатидан кучайтирилгани натижасида қидирув ишларининг қамрови кенгайди, ерости бойликларининг янги захиралари аниқланган. Уларга асосланиб, йирик корхоналар қурилмоқда, истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Хусусан, уран бўйича 27 та янги кон очилиб, барқарор хомашё базаси яратилгган. Лекин соҳадаги имкониятлар анча кўп. Шу боис давлат раҳбари нодир ва ноёб металлар қазиб олиш ҳажмини ошириш бўйича топшириқ берган. Тақдимотда мутасаддилар шу борада ишлаб чиқилган режалар юзасидан ахборот берган. Унга кўра, умумий қиймати 182 миллион долларлик 14 лойиҳа шакллантирилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент бу лойиҳалар билан чегараланмасдан, юқорироқ марра олиш кераклигини таъкидлаган. Шу мақсадда, 2022–2026 йилларда геология-қидирув ишларини амалга ошириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилган. Бу дастурда 8 та янги кон ва 18 та истиқболли майдон ҳисобига уран захирасини ошириш, замонавий бурғилаш ускуналарини олиб келиш, рақамли геология моделини яратиш кўзда тутилади.

Шунингдек, «Навоийуран» давлат корхонасини трансформация қилиш, хорижий мутахассисларни жалб этиб, технологик жараёнларни такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берилган.

Уран захирасини халқаро стандартларга мувофиқ баҳолаш, сўнгги технологиялар асосида рудадан уранни ажратиб олиш даражасини ошириш муҳимлиги қайд этилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тақдимотда истиқболли конларни тайёрлаш ва уларга инвесторларни жалб қилишга оид таклиф ҳам кўриб чиқилган. Унга кўра, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳузурида «Янги кон» лойиҳа офиси ташкил этиш, унинг устав капиталига 15 миллион доллар ажратиш мўлжалланган. Бу лойиҳа офиси литий, алюминий, магний, графит ва бошқа нодир металларни ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширади.

Давлат раҳбари жаҳон бозорида уран нархи барқарор ўсиб бораётгани, янги лойиҳаларда бу хомашёни қайта ишлаш ва қўшилган қиймат яратишга алоҳида эътибор қаратиш кераклигини таъкидлаган.

Албатта, бунинг учун малакали кадрлар ҳам зарур. Шу боис Президент ташаббуси билан Геология фанлари университети ташкил этилган. Навоий кончилик институтига университет мақоми берилган. Италиянинг Пиза ҳамда Россиянинг Санкт-Петербург кончилик университетлари билан қўшма дастурлар тузилган.

Лекин, замонавий билимга эга, ахборот технологиялари ва хорижий тилларни яхши ўзлаштирган ўрта бўғин мутахассисларинини тайёрлаш суст. Жумладан, биргина Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида йилига 300 дан ортиқ ўрта бўғин мутахассисларга эҳтиёж бор.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу боис Зарафшон, Ангрен ва Ғузордаги техникумларда геологияга ихтисослашган йўналишларни кўпайтириб, малакали ишчилар тайёрлаш зарурлиги таъкидланган. 2021 йилда мамлакатда мис саноати кластери ташкил этилган. Дастурга кўра, мис ишлаб чиқаришни ягона «занжир» асосида 2 бараварга кўпайтириб, 8 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш режа қилинган. Тақдимотда шу борада амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳам ҳисобот берилган.

Маълумки, минтақадаги энг долзарб муаммолардан бири бу — сув танқислиги. Бундай шароитда ерости сувидан ақл билан фойдаланиш зарур. Афсуски, сўнгги йилларда ерости сувининг сатҳи юртимиздаги 13 та туманда 5 метргача, 9 та туманда 20 метргача пасайган.

Шу боис Президент мутасадди ташкилотларга ерости суви захираларини кўпайтириш ва улардан оқилона фойдаланишни ташкил этиш бўйича топшириқлар берган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 7 март куни Тошкент шаҳрида қурилиши режалаштирилган Олимпия шаҳарчаси лойиҳасининг тақдимоти билан танишганди.

Bugun — LIVE