Жамият - 13:38 · 19.05.2022

Совет Иттифоқи тарқаганидан афсусланаётган россияликлар сони йилдан-йилга ошиб бораётгани маълум қилинди

Тошкент давлат иқтисодиёт университети фалсафа фанлари доктори, профессор Исмоил Саифназаров Собиқ Иттифоқни тиклаш мантиқсизлик эканини айтди. Бу ҳақда «Адолат» социал-демократик партияси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, бугунги кунда баъзи мамлакатларда эски совет даврини қўмсаш, ўша замонга қайтиш учун турли уринишлар бўлмоқда. Айрим хорижий телеканалларда Ленин даврини, Сталин даврини, СССРни улуғлаш кайфиятлари кучайиб бормоқда. Масалан, Совет Иттифоқи тарқаганидан афсусланаётган россияликлар сони йилдан-йилга ошиб бормоқда.

«Левада-центр» ижтимоий сўров марказининг сўнгги тадқиқотларига кўра, улар сони 66 фоизга етган ва бу охирги 10 йилда энг катта кўрсаткичдир. «Айни дамда, мутахассислар ўзбекистонликлар орасида ҳам Совет Иттифоқини қўмсовчилар сони кўплигига эътибор қаратмоқда», дейилади хабарда.

Келтирилишича, марказ социологлари СССР парчаланишидан пушаймонда бўлган россияликларнинг аксар қисмини 55 ёшдан юқори бўлганлар ташкил этганини маълум қилган. Аммо тадқиқот натижаларидан «темир панжара» қулашидан афсусланаётганлар орасида 18–24 ёшдагилар сони кескин кўпайиб бораётганини англаш мумкин. 1991 йилда парчаланган Совет Иттифоқини қўмсаётганлар бунга «ягона иқтисодий тизимнинг бузилиши»ни (52 фоиз) ва «буюк ягона давлат ҳиссидан маҳрум этилгани»ни (36 фоиз) сабаб қилиб кўрсатган.

«Бунинг сабаблари бор. Совет Иттифоқи даврида 1980 йиллар иккинчи ярмини ҳисобга олмаганда тўкин-сочинлик ҳукмрон бўлган. Улар фикрича, СССР пайтида хаммаёқ арзончилик бўлган, эллик тийинга қорин тўйган ва ҳоказо даъволар. Бепул ва сифатли таълим, тиббий хизматлар ҳам шулар жумласидан.  Аммо Иттифоқнинг тарқаб кетиши, коммунистик тузумнинг асосий камчиликларидан бири динни афюн деб билгани, сиқувга олгани, хусусий мулкни тан олмаганлигидир», дейди профессор.

Унинг сўзларига кўра, 60–70 ёшлардаги, урушдан, Сталин вафотидан кейин туғилган авлод социализмнинг ижобий томонларини ўз ҳаётида кўпроқ кўргани учун у тизимни унчалик кучли танқид остига олмайди, бугунги миллий мустақил Ўзбекистон ривожида ўша даврдаги баъзи ижобий жиҳатлардан фойдаланиш мумкинлигини ҳам рад этмайди, инкорни инкор қонунини амалиётга диалектик руҳда тадбиқ этиш зарурлигини мақуллайди, кўпроқ толерантлик, бағрикенглик тамойили асосида иш юритишни қўллаб қувватлайди.

«Ҳурматли ёшларимиз катта авлодни тўғри тушунасиз деган умиддамиз, Янги Ўзбекистон фақат кучли илм-фан, чуқур таълим-тарбия асосида гуллаб яшнаши мумкин, келинглар ҳар биримиз ўзимиз танлаган фанимиз учун жон куйдирайлик, уни бозор иқтисоди талаби асосида амалиётга яқинлаштирайлик, янги лойиҳалар ишлаб чиқайлик, ҳамкорлик қилайлик азизлар! Ўзбекистон ўз йўлини танлади. Жасоратли раҳбари бошчилигида янги Ўзбекистонни қуришга киришди, миллий маданият, мерос тикланмоқда, тарих ҳаққоний ёзилмоқда, аждодлар шавкати қад ростламоқда, Орол ва унинг асоратлари даволанмоқда, келажак авлодларнинг соғломлигига қуйғурилмоқда, чуқур сиёсий ислоҳотлар натижасида демократик ҳуқуқий давлат барпо этилди, кўппартиялилик қарор топди, иқтисодиётда турли мулк шакллари пайдо бўлди, бозор тизими шаклланди, миллий иқтисодиёт изга тушди, миллий валюта қадрини топди ва, натижада, Ўзбекистон жаҳонга юз кўрсатди, тенглар қаторида баробар муносабат қила бошлади. Халқ ўз қадрини англади, ўзлигини топди», — дейди профессор.

Аввалроқ Беларусь президенти Александр Лукашенко Совет Иттифоқи парчаланишига шахсий муносабатини билдирганди. Шунингдек, Қозоғистон биринчи президенти Назарбоев СССР парчаланиши ҳақида гапириб берганди. Ҳамда Россия президенти Владимир Путин СССРни қайта тиклашни режалаштираётгани айтилганди. 

Bugun — LIVE