Жамият, Сиёсат, Фотогалерея - 12:07 · 19.05.2022

Тошкентда ШҲТга аъзо давлатларнинг туризм раҳбарлари учрашди — фото

Тошкент шаҳрида 19 май, пайшанба куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг туризм соҳалари раҳбарлари учрашди. Бу ҳақда унда иштирок этган «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Қайд этилишича, 19–20 май кунлари гибрид форматдаги «ШҲТ мамлакатлари ҳамкорлигининг янги босқичи: туризм ва маданий мерос» халқаро форуми бўлиб ўтади. Унда ШҲТга аъзо давлатлар: Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг туризм соҳалари раҳбарлари, шунингдек, туризмни ривожлантириш ва маданий меросни асраб-авайлаш бўйича халқаро экспертлар, турли вазирликлар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва фахрий меҳмонлар иштирок этмоқда.

Форумнинг биринчи кунидаги туризм соҳалари раҳбарлари учрашувида Бош вазир ўринбосари, Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ва ШҲТ Бош котиби Чжан Минг табрик сўзи билан чиққан. Хусусан, вазир Ўзбекистонга визасиз кириб чиқувчи давлатлар сони 9 тадан 92 тага кўпайганини қайд этди.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров
Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

«Йил сайин ривожланиб бораётган сайёҳлик индустриясини давлатлар миллий иқтисодиётнинг муҳим сегменти ва давлат рақобатбардошлигини оширишнинг стратегик рағбати сифатида баҳоламоқда. Мамлакат раҳбарининг фаол ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши туфайли Ўзбекистон туризм бозори халқаро сайёҳларни қабул қилиш учун ўз эшикларини кенг очди. Қисқа вақт ичида Ўзбекистонга визасиз кириб чиқувчи давлатлар сони 9 тадан 92 тага кўпайди.

ШҲТ давлатлари билан туризм алоқаларини янада ривожлантириш биз учун устувор йўналишдир. Сайёрамизнинг жами аҳолисининг 44 фоизини қамраб олган ШҲТ ҳудуди салоҳияти тўлиқ ишга солинмаган улкан туризм бозоридир. Мисол тариқасида 2019 йилда ШҲТ давлатларидан 250 миллионга яқин сайёҳ хорижда дам олиш учун кетганини келтиришимиз мумкин. (Ҳиндистон 27 миллион, Хитой 155 миллион, Ўзбекистон 1,7 миллион, Қозоғистон 206 минг, Тожикистон 31 минг, Россия 20 миллион). Биз барча кучларни бирлаштириб, бу оқимни, биринчи навбатда, “ШҲТнинг ички туризми”ни ривожлантиришга йўналтиришимиз керак», — деди Азиз Абдуҳакимов.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров
Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Таъкидланишича, форумда онлайн форматда иштирок этган ШҲТ Бош котиби Чжан Мин бугунги кунда ташкилот олдида туризм соҳасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги, юқори босқичга кфтариш вазифаси турганини ҳақида гапириб, ШҲТ давлатлари раҳбарлари томонидан белгиланган келишув ва вазифаларни амалга ошириш учун идоралараро доимий ва бевосита алоқалар муҳимлиги алоҳида таъкидлади.

Бундан ташқари, форум доирасида туризм соҳалари раҳбарлари «Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ҳукуматлари ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги битимлар» лойиҳасини маъқуллади ва саммит давомида имзолашга келишиб олди. Маълумот ўрнида, ушбу форум 2022-йил 15-16-сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити доирасида ташкил этилган.

Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров
Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров
Фото: «Bugun.uz» / Шоҳруҳ Ҳайдаров

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев ШҲТ бош котибини қабул қилганди. Шунингдек, Тошкентда ШҲТ Халқ дипломатияси форуми бошлангани хабар қилинганди.

Bugun — LIVE