Андижон, Жамият - 23:32 · 20.05.2022

Андижонда йигит билан қиз ўзини кўп қаватли уй томидан ташламоқчи бўлгани айтилди — видео

Андижон вилоят Хўжаобод туманида 20 май куни йигит билан қиз ўзини кўп қаватли уй томидан ташламоқчи бўлгани айтилди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, шу куни соат тахминан  17:20 да туманнинг Мустақилликнинг 30 йиллиги МФЙ ҳудудида жойлашган кўп қаватли уйда яшовчи «Х» исмли шахс «М» исмли шахс билан бирга атрофни томоша қилиш учун кўп қаватли уйнинг том қисмида ўтирган пайтида шу ҳудудда яшовчи фуқаролар гўёки уларни томдан ўзини ташлаб юбориш ниятида чиққан деб кўрсатиш мақсадида видео тасвирга олган.

Мазкур ҳолат юзасидан Хўжаобод тумани ИИБ масъул ходимлари воқеа жойига бориб, ҳолат бўйича суриштирув ишлари олиб борган.

Мустақилликнинг 30 йиллиги МФЙ ҳудудида жойлашган кўп қаватли уйда яшовчи «Х» ва «М» исмли шахслар ўз тушунтириш хатида у ерга иккиси хам атрофни томоша қилиб, ўзаро гаплашиб ўтиришганини маълум қилган ва кўп қаватли уйнинг том қисмидан ўзини ташлаб юбориш нияти йўқлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаролар  билан якка тартибда суҳбат ўтказилиб, профилактик ишлар амалга оширилди. Келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймасликлари ҳақида огоҳлантирилган.

Аввалроқ Наманганда 26 ёшли аёл дарёга чўкиб кетгани ҳамда уни қидиришга 20 нафар қутқарувчи ва кўнгилли жалб қилингани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида 16 май куни 21 ёшли қиз ўз жонига қасд қилмоқчи бўлганди.

Bugun — LIVE