Жамият, Фарғона - 21:29 · 20.05.2022

Фарғонада ИИБ ходимини ҳақорат қилган аёлга жиноят иши қўзғатилди

Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида Ички ишлар бошқармаси ходимини ҳақорат қилган аёлга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, 16 апрель куни тахминан соат 21:00 да Қувасой шаҳар Х.Олимжон МФЙ, Сарбазор кўчаси ҳудудида Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси профилактика инспектори аёлнинг мақсадсиз юрганини аниқлаб, ушбу ҳолатни белгиланган тартибда расмийлаштирмоқчи бўлган.

Бироқ Ю.Д исмли аёл содир этган жинояти учун жазо ўтаб келаётган бўлсада, суд томонидан унга белгиланган сутканинг соат 19:00 дан соат 06:00 га қадар у ёки бу сабаб билан яшаш жойини тарк этиши ҳақидаги талабини бузиб, яшаш жойини тарк этган. Ушбу ҳолатни аниқлаган профилактика инспектори ўз хизмат бурчини бажараётган вақтида эса унинг қонуний фаолиятига қаршилик кўрсатиб, кўпчилик фуқаролар олдида шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қувасой шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» банди (ҳақорат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Самарқандда эркак ИИБ ҳодимини ҳақорат қилиб, юзига ургани ва ЙПХ ходимларини ҳақорат қилган блогер жазолангани хабар қилинган. Шунингдек, Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида 30 август куни мастлиги гумон қилинган аёл йўл-патруль хизмати ходими билан жанжаллашганди.

Bugun — LIVE