Жаҳон - 15:02 · 20.05.2022

Италия Украина учун тинчлик режасини тақдим этди

Италия Украинадаги урушни тинч йўл билан ҳал қилиш режасини тузиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига топширди. Бу ҳақда «LA Repubblica» хабар берди.

Фото: «AFP»

Ҳужжат Италия Ташқи ишлар вазирлиги дипломатлари ва ҳукумат вакиллари билан биргаликда тузилган. Украина ҳудудидаги жанговар ҳаракатларни тугатишга қаратилган режа Европа Иттифоқи, G7 давлатлари ва БМТ каби халқаро ташкилотларнинг ёрдамини назарда тутади.

Ҳужжат аллақачон БМТ Бош котиби Антонио Гутерришга топширилган. Италия ташқи ишлар вазири Луиджи Ди Майо бу борада урушни дипломатия йўли билан тўхтатиш мумкинлигини айтди.

«Эртами кечми, барча урушлар тугайди, шунинг учун урушдан кейинги келишув режалари тайёр бўлиши керак», — деган италиялик дипломат.

Тинчлик режаси 4 банддан иборат бўлтиб, у қуйидагиларни ўз ичига олади:

  1. Ўт очишни тўхтатиш бўйича музокара олиб бориш ва БМТ бошчилигида тўқнашувлар чизиғини йўқ қилиш;
  2. Украинанинг қисқа вақт ичида Европа Иттифоқига қўшилиши ва NATO’га қўшилмаган ҳолда нейтрал мақомнинг тасдиқланиши;
  3. Украина ва Россия ўртасида халқаро тан олинган чегаралар билан зиддиятларни бартараф этиш мақсадида Донбасс ва Қрим ҳудудлари бўйича шартномалар имзоланиши;
  4. Қурол назоратини таъминлаш ва келажакдаги можароларнинг олдини олишга мўлжалланган Европада тинчлик ва хавфсизлик бўйича янги кўп томонлама шартнома тузиш.

Аввалроқ Украинанинг мамлакатда ҳарбий ҳолатни бекор қилиши шарти очиқланганди. Шунингдек, Украинанинг Россия билан ярашиш шарти маълум қилинган.

Bugun — LIVE