Иқтисод - 8:37 · 20.05.2022

Марказий Осиё давлатларига пул ўтказмалари оқими кескин қисқариши маълум бўлди

Жаҳон банки 2022 йилда дунё мамлакатлари, жумладан, Марказий Осиёда пул ўтказмалари оқимининг ривожланиши бўйича прогнозини эълон қилди.

Фото: «Bugun.uz»

«Миграция ва тараққиёт» сўровномаси натижаларига кўра, асосий манбаси Россия бўлган Марказий Осиё давлатларига пул ўтказмалари кескин қисқариши мумкин.

Жаҳон банкининг қайд этишича, 2021 йилда Европа ва Марказий Осиё мамлакатларига пул ўтказмалари оқими 7,8 фоизга ўсиб, тарихий энг юқори кўрсаткичга — 74 миллиард долларга етган. Бу ўсишга асосан Европа Иттифоқидаги иқтисодий фаолликнинг кучайиши ва энергия нархларининг тикланиши сабаб бўлган.

Келтирилишича, 2021 йилда Ўзбекистонда пул ўтказмалари мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 13 фоизини, Тожикистонда 34 фоизини, Қирғизистонда 33 фоизни ташкил этган, бу эса ушбу мамлакатлар иқтисодиётининг меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмаларига кучли боғлиқлигидан далолат беради. 2021 йилда Россиядаги ушбу уч давлатдан келган мавсумий меҳнат муҳожирлари сони 7,8 миллион кишини ташкил қилган.

Россиянинг Украинага бостириб кириши Марказий Осиё мамлакатларига пул ўтказмаларига жуда салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Жаҳон банкининг таъкидлашича, минтақага 2022 йилда 1,6 фоизга қисқариши кутилаётган пул ўтказмалари бўйича прогнозлар ҳозирча жуда ноаниқ. Пастлаш кўрсаткичи уруш кўламига ва Россияга қарши санкцияларга боғлиқ.

Қайд этилишича, Россияда иқтисодий фаолликнинг кескин пасайиши меҳнат муҳожирлари оқимини ва уларнинг ўз мамлакатларига маблағ ўтказиш имкониятларини заифлаштиради. Пул ўтказмаларининг қисқариши озиқ-овқат, ўғит ва нефть нархларининг ошиши билан бирга Россиядан пул ўтказмаларига боғлиқ бўлган кўплаб мамлакатларда озиқ-овқат хавфсизлиги хавфини оширади ва қашшоқликни кучайтиради.

Аввалроқ Ўзбекистонда январь–апрель ойларида хорижга юборилган халқаро пул ўтказмалари миқдори маълум қилинганди. Шунингдек, Ўзбекистондан январь–март ойларида хорижга қанча пул ўтказмалари амалга оширилгани хабар қилинганди. Ҳамда Ўзбекистондан йил бошидан бери чет давлатларга қанча пул ўтказмалари амалга оширилгани маълум қилинган.

Bugun — LIVE