Жаҳон - 22:02 · 20.05.2022

NATO’га кириш таклифини 90-йилларда рад этган Россия, ҳалок бўлган тинч аҳоли сони ва Harpoon ракеталари билан «қуролланадиган» Украина

Россия қўшинларининг Украина ҳудудларига бостириб кириши ортидан бошланган уруш 24 февралдан буён давом этмоқда. Қуйида 20 май куни содир бўлган можарога алоқадор асосий янгиликларни тақдим этамиз.

Фото: «AP»

АҚШ Қора денгиздаги Россия блокадасини енгиб ўтишга ёрдам бериш учун Киевни кемаларга қарши ракеталар билан қуроллантирмоқчи. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.

Агентлик манбаларининг маълум қилишича, АҚШ тахминан 300 километр масофага уча оладиган Harpoon ракеталарини ва 250 километр масофага учадиган Naval Strike Missile ракеталарини етказиб беришни кўриб чиқмоқда. Қуроллар тўғридан-тўғри ёки АҚШнинг Европадаги иттифоқчилари орқали юборилиши мумкин.

Таъкидланишича, яна бир нечта давлат Украинага Harpoon ракеталарини юборишга тайёр.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Украинада уруш бошланганидан бери 3 минг 811 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси ҳисоботида маълумот берилган.

Унга кўра, яна 4 минг 278 нафар тинч аҳоли жароҳатланган. Ташкилот маълумотлар 19 май ҳолатига кўра берилганини қайд этган. Ҳалок бўлганлар орасида 1 минг 429 нафар эркак, 937 нафар аёл, 87 нафар қиз ва 98 нафар ўғил болалар, шунингдек, жинси ҳозирча номаълум бўлган 70 нафар бола ва 1 минг 190 нафар катталар бор.

«Ҳақиқий рақамлар анча юқори, чунки маълумотлар шиддатли жанглар кетаётган жойлардан кечикиб олинади ва кўплаб ҳисоботлар тасдиқлашни талаб қилади», — дейилади ҳисоботда.

Украинада уруш бошланганидан бери 232 нафар бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат Бош прокуратураси хабар берди.

Қайд этилишича, яна 427 нафар бола жароҳатланган. Департамент, шунингдек, 18 май куни Россия қўшинлари томонидан Донецк вилоятидаги Лиман шаҳри фуқаролик инфратузилмаси ўққа тутилиши оқибатида бир нафар ўсмир ҳалок бўлганини маълум қилди.

Швейцариянинг Zurich Insurance суғурта компанияси Россиядаги фаолиятини тўхтатди. Бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди.

«Zurich Insurance Group Россиядаги бизнесини дивизион жамоасининг 11 нафар аъзосига сотишга рози бўлди. Янги эгалари қўл остида компания мустақил равишда бошқа бренд остида ишлайди ва Zurich энди Россияда бизнес билан шуғулланмайди», — дейилади компания баёнотида.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 90-йилларда Россия NATO’га кириш таклифини рад этганини айтди. Бу ҳақда АҚШ давлат департаментига таяниб, «Медуза» хабар берди.

Блинкеннинг айтишича, NATO’нинг Россияга нисбатан тажовузкор нияти йўқ.

«NATO мудофаа иттифоқидир, давлатлар бирлашадилар, агар улардан бирига ҳужум қилинса, қолган ҳамма келиб уни ҳимоя қилади. Унинг моҳияти шундан иборат. Унинг Россияга қарши тажовузкор нияти йўқ. У ҳеч қачон Россияга ҳужум қилмаган, қилмайди ҳам. NATO Россияга ҳужум қилмоқчи эмас», — деган сиёсатчи.

Бундан ташқари, у журналистнинг ҳазиллашиб, Россияни NATO’га қабул қилиш ҳақида берган таклифига шундай жавоб берган:

«Биласизми? 90-йилларда ҳақиқатан ҳам бу ҳақда гаплар бўлган. Лекин руслар буни истамаган», — деган Давлат департаменти раҳбари.

Маълумот ўрнида, Россия президенти Владимир Путин 1990–2000-йилларда Россиянинг NATO’га кириши масаласи кўтарилганини бир неча бор таъкидлаган. 2017 йилда Путин АҚШнинг 42-президенти Билл Клинтонга бу ҳақда ўйлаб кўришни таклиф қилганини айтган. Таъкидланишича, ўшанда Клинтон «қарши эмасман» деб жавоб берган, лекин Россия президентининг сўзларига кўра, бутун АҚШ делегацияси мазкур таклифдан «асабийлашган». Шунингдек, 2022 йил февралида Путин Клинтоннинг ўша таклифга жавоби «жуда вазмин бўлганини» таъкидлаган. Билл Клинтон эса, ўз навбатида, Борис Ельцинга ҳам, Владимир Путинга ҳам Россияни NATO’га қабул қилишни таклиф қилганини айтган.

Bugun — LIVE