Жамият - 16:05 · 20.05.2022

Ўзбекистонда аҳоли орасида маймун касаллиги аниқландими?

Буюк Британияда Нигерияда бўлиб қайтган одамда маймун чечаги аниқланганди. Кейинчалик мазкур касаллик Швеция, Португалия, Испания, Италия ва АҚШда ҳам қайд этилди.

Фото: «Bloomberg»

«Bugun.uz» маймун касаллиги Ўзбекистонда ҳам аҳоли орасида аниқлангани ёки йўқлиги тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаев билан боғланди.

Маълум бўлишича, маймунчечак ҳозирга қадар Ўзбекистон фуқаролари ёки мамлакатга кириб келганлар орасида қайд этилмаган.

«Йўқ, бундай ҳолат кузатилмади. Касалликнинг олдини олиш чоралари бўйича мутахассис билан боғланиб, маълумот олганингиз маъқул», — деди вазирлик матбуот котиби.

Эслатиб ўтамиз, Португалия соғлиқни сақлаш бошқармаси қайд этилган ҳолатлар Лиссабон ва Тежу водийси ҳудудида яшовчи йигитларда аниқланган. Бу хасталикка гумон қилинган яна 15 та ҳолат ҳам назоратга олинган. Швецияда ҳам маймунчечагига чалиниш кузатилган.

Испания ҳам вирусли инфекциянинг шубҳали ҳолатларини текширмоқда. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва маҳаллий ҳокимият Мадридда санитария сигнализациясини жорий қилган.

АҚШ маймун чечак билан касалланиш ҳолатлари қайд этилган тўртинчи давлат бўлган. Массачусетс соғлиқни сақлаш департаменти вируснинг битта ҳолати аниқланганини айтган. Канададан келган эркакда маймунчечак касаллиги қайд этилган. Италияда ҳам Канар оролларида бўлиб қайтган одам ушбу касалликни юқтириб олган.

Bugun — LIVE