Жамият, Тошкент ш. - 17:26 · 20.05.2022

Тошкентда маст эркак Амир Темур хиёбонига картошка эктиришини айтиб, ноўрин хатти-ҳаракатлар қилди — видео

Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида икки эркакнинг маст ҳолатда ноўрин хатти-ҳаракатлар қилгани акс этган видео тарқалди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар суди матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Кадр: Telegram / @mobilmuxbiruz

Маълум бўлишича, 1989 йил ва 1991 йилда Тошкент вилоятида туғилган А. И. ҳамда С. М. 2022 йил 17 май куни соат 23:20 лар атрофида Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Амир Темур хиёбонида ноўрин хатти-ҳаракатлар содир этган.

Маст ҳолдаги эркаклар жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, Ички ишлар органлари ходимлари эътиборини тортган. Шундан сўнг орган ходимлари уларни шахсига аниқлик киритиш мақсадида ички ишлар бўлими биносига таклиф қилган. Лекин эркаклар орган ходимларини уятли сўзлар билан ҳақоратлаб, уларнинг қонуний талабларини бажаришдан бош тортган.

Қайд этилишича, ҳуқуқбузарларга оид маъмурий иш ҳужжатлари жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг иш юритувига 19 май куни келиб тушган. Шу куни иш мазмунан кўрилиб, уларнинг ҳар иккисига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси 1-қисми (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) билан ушбу кодекснинг 34-моддаси тартибида 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Аввалроқ Тошкент–Хўжакент поезд йўлида маст эркак ухлаб қолгани хабар қилинганди. Шунингдек, Самарқандда йигит йўлда кетаётган маст эркакни тепиб қочган.

Bugun — LIVE