Жамият, Жаҳон - 21:00 · 21.05.2022

Бугун оқшоми. Ўзбекистонга келадиган АҚШ делегацияси, ўзбек–қирғиз чегарасидаги даҳшатли «авария», Россия газини сотиб олишда давом этадиган Германия ва Италия

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

АҚШ давлат департаменти делегацияси 23–25 май кунлари Ўзбекистонга ташриф буюради.

Фото: АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати

Ташриф АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси Дональд Лу бошчилигидаги бўлиб ўтади. Учрашувлар ва музокаралар чоғида турли соҳалардаги Ўзбекистон–АҚШ муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинади. Минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилади.

Ҳозирча бор маълумотлар шу. Балки, ташрифдан сўнг баёнотлар, чиқишлар ёки хулосалар эълон қилинар (ё у, ё бу томондан).

Бухоро, Хоразм ва Навоий вилоятларида кучли шамол кузатилди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бундан огоҳлантирди.

Бухоро, Хоразм ва Навоий вилоятларида 21 май куни кучли шамол кузатилди. Хоразмнинг Урганч шаҳар ва туманида бунинг оқибатида уйларнинг томлари ва машиналарга зарар етган. Навоийда ҳам худди шундай ҳолат — томлар учиши (одамнинг «томи кетиши» ҳеч гап эмаску, уйларники учса нима бўпти?!).

Бухорода ҳам кучли шамол, бунинг оқибатида чанг бўрони кузатилди. «Bugun.uz»нинг вилоятда бўлиб турган мухбири у ердан видео юборди — Марсга, қўрқинчли, ўзга сайёраликлар Ерни босиб оладиган кинолардаги саҳналарга ўхшайди, ўзингиз бир кўринг!

Тошкент шаҳри ҳокимлиги эса ушбу шамоллар ҳали пойтахтга етиб келмасидан олдин аҳолини пойтахтда 21–24 май кунлари кучли шамол ва ёмғир ёғишидан огоҳлантирди (ва бу шамол бошланди ҳам).

Ҳокимлик аҳолидан автомобилларни дарахтлар ва темир қурилмалар тагига қўймасликни сўраган.

Одатий кунларда ҳар қаерга қўйилган машиналар ва бунинг ортидан келадиган тирбандликларни кўриб парковкалар қанчалик муҳимлигини ҳис этасан, шамолли, тўс-тўполон кунларда эса мана шундай хавфсизлик чораларини деб икки ҳисса кўпроқ ҳис қиласан, эҳ.

Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилиши 2022 йилнинг кузида бошланади.

Фото: «Ведомости»

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси 2022–2026 йилларга мўлжалланган темир йўл транспортини ривожлантиришнинг асосий йўналишларини тасдиқлаган. Темир йўл орқали йўловчи ва юк ташиш даражаси ҳамда сифати ошиши кутилмоқда.

«Кузда мустақиллигимиз тарихидаги энг йирик лойиҳа Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон йўналиши бўйича темир йўл қурилишини ишга тушириш режалаштирилган. Биз бу лойиҳани қўллаб-қувватлашимиз керак», — деган Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаров.

Ўзбекистон қаҳрамони Лола Муротова вафот этгани йўқ, аммо унинг аҳволи оғирлигича қолмоқда.

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон қаҳрамони, фермер Лола Муротова бетоблиги сабаб вафот этгани айтилган маълумотлар тарқалди. «Bugun.uz» бунга аниқлик киритиш мақсадида Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати билан боғланди.

Фото: «Xs.uz»

Бизга берилган маълумотларга кўра, фермер хўжалиги раҳбари ҳозирда шифохонада даволанмоқда, умумий саломатлиги оғир. Лола Муротова кислород аппаратига уланмаган.

Маълумот учун, Лола Муротова Президентнинг турли учрашувларида қатнашиб келади, айниқса, Фарғона вилоятига ташрифлари давомида бирга ҳамроҳ бўлар эди. Аммо охирги ташрифда Ўзбекистон Қаҳрамони бетоблиги сабабли Президент билан учрашолмаган, шу сабабли Шавкат Мирзиёев собиқ Фарғона вилояти ҳокими, амалдаги бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев, соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев ва Президент матбуот котиби Шерзод Асадовларга унинг ҳолидан хабар олиш топширилган ва топшириқ бажарилган.

Бухородаги Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивалини ўтказиш учун 14 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилган. Ҳаммаси бюджет пулларидан.

Фото: «Bugun.uz»

Бухорода 21–25 май кунлари Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали бўлиб ўтади (унинг тантанали очилиш маросими у ерда ноқулай (чанг ва шамолли) об-ҳаво сабабли бошқа кунга кўчирилди). «Ҳунарманд» уюшмаси раиси Улуғбек Абдуллаев унга ажратилган маблағлар ҳақида маълумот берди.

Унга кўра, фестивални ўтказиш учун 14 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилган. Уларнинг ярми маҳаллий бюджетдан, қолган ярми эса республика бюджетидан (бошқачароқ айтганда, ҳаммаси халқнинг пулига).

Маълумот учун, фестиваль кўрик-танлов тарзида ўтаётгани учун унинг мукофот пули умумий 45 минг долларни ташкил этади. 12 номинацияларга 3 ўриндан пул мукофотлари берилади.

Бундан ташқари, ушбу фестиваль доирасида 21–25 май кунлари Тошкент ва Фарғонадан Бухорога қўшимча авиақатновлар ташкил этилди. Шу билан бирга, Қашқадарё, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида автобуслар қатнови йўлга қўйилган.

Ўзбек–қирғиз чегарасидаги даҳшат: трейлернинг 12 та автомашинага урилиши оқибатида 9 киши вафот этди.

Бугун, 21 май куни соат тахминан 15:30 да Қирғизистоннинг Боткен вилояти Қадамжой тумани орқали Ўзбекистонинг Сўх тумани ҳудудига ҳаракатланиб келаётган, устига бульдозер юкланган, д/р 02 КГ 899 РС бўлган трейлер автотранспортининг тормоз ускунаси ишдан чиққан.

Оқибатда ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, Қирғизистоннинг «Чечме» чегара ўтказиш пункти ва Ўзбекистоннинг «Чашма» чегара ўтказиш пункти орқали рўйхатдан ўтиш учун навбатда турган жами 12 та (2 та Ўзбекистон ва 10 та Қирғизистон) автомашиналарга урилиб, уларга (жиддий) шикаст етказган.

Диққат! Қуйидаги видеода таъбни хира қилувчи кадрлар бор.

Автоҳалокат оқибатида, бирламчи маълумотларга кўра, 9 нафар фуқаро (шулардан, 1 нафари Ўзбекистон, қолган 8 нафари Қирғизистон фуқароси) вафот этган, 7 киши жароҳатланган. Жароҳатланганларга тез-тиббий ёрдам кўрсатилиши таъминланган. Ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўқишга арзирли, қатъий тавсия қилинадиган мақола: Ўзбекистон нима учун Хитой билан стратегик ҳамкорликни кучайтиришга ҳаракат қилмоқда?

Хўш, оламда нима гап?

Доимгидек, ўз репертуарида: БМТ «Толибон» ҳаракати Афғонистон Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил комиссияни ёпиб қўйганини қоралади. 

Фото: «AFP»

«Толибон» ҳокимиятни қўлга киритгач, афғонларнинг эркинликларини ҳимоя қилган бир қанча муассасаларни, жумладан, Сайлов комиссияси ва Аёллар ишлари вазирлигини ёпган. БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича котиби Мишель Бачелет бундан «хавотирга тушганини» билдирган.

«Ким ўзар давом этади»: Хитой Россия ва АҚШда мавжуд бўлмаган гипертовушли ракетани ишлаб чиқаради.

Фото: «BOL News»

«South China Morning Post» маълумотларига кўра, бу қурилма ҳаракатланувчи объектларни нишонга олиши мумкин. Мазкур вазифани бажариш ҳозиргача мавжуд бўлган гипертовушли қуроллар учун имконсиз.

Қурилманинг тезлиги товуш тезлигидан беш баравар юқори бўлади. Янги ракетани ишлаб чиқувчиларга 2025 йилгача «гипертовушли технологиянинг барча муаммоларини ҳал қилиш» учун вақт берилган.

Германия ва Италия Россия газини рублда бўлса ҳам сотиб олишда давом этади.

Германия ва Италия Россия газини сотиб олиш учун ўз компанияларига рублда ҳисоб рақамларини очишга рухсат берди. Германия ҳукумати Европа комиссияси билан мулоқотдан сўнг немис импортчиларига, агар «Газпромбанк»га қилган тўловлари Россия валютасида бўлмаса, рубль ҳисоб рақамларини очиши мумкинлигини айтган.

Фото: «Finance.ua»

«Манбаларнинг айтишича, минтақада Россия газининг энг йирик импортчиси бўлган Германия бу масала бўйича ЕИ билан яқин ҳамкорлик ўрнатишга ҳаракат қилган», дейилади хабарда. Италия ҳукумати ҳам бу бўйича Европа комиссияси билан гаплашган. Италия бош вазири Марио Драги бу маълумотга изоҳ беришдан бош тортган.

Финляндия, Болгария ва Польша (қисман Шимолий Македония, Нидерландия ва Сербия ҳам) газ учун рублда тўлашдан бош тортган, шу сабаб бу мамлакатларга Россия газини етказиб бериш тўхтатилган. Бироқ, ҳамма давлатлар ҳам Россия газини рад этишга тайёр эмас, хусусан, юқоридаги иккиси — Германия ва Италия ҳам.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Bugun — LIVE