Бухоро, Жамият, Фотогалерея - 21:20 · 21.05.2022

Бухорода илк марта Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали бўлиб ўтмоқда — фоторепортаж

Бухоро шаҳрида 21–25 май кунлари Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан ўтказиладиган Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали бошланди. Бу ҳақда унда иштирок этаётган «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, илк марта бўлиб ўтаётган тадбирда республиканинг барча ҳудудларидан 288 нафар ҳунарманд, хусусан, 110 нафар заргар, 37 нафар зардўз, 44 нафар каштадўз, 97 нафар ҳунармандчиликнинг бошқа йўналишларида фаолият олиб бораётганлар иштирок этади. Фестивалга Эрон, Россия, Туркия, Австралия, Бразилия, Буюк Британия, Ҳиндистон, Озарбойжон, БАА, Грузия, Италия, АҚШ, Хитой, Швеция каби 58 давлатдан юзлаб хорижий иштирокчилар ташриф буюрган бўлиб, уларнинг орасидан конференция иштирокчилари, фахрий меҳмонлар ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари ўрин олган.

Фестивалнинг биринчи кунида иштирокчиларининг тантанали юришлари, маҳаллий ва хорижий ҳунармандларнинг маҳсулотлари кўргазма-савдоси ҳамда матбуот анжумани ўтказилган. Туризм ва маданий мерос вазирлиги томонидан ОАВ вакиллари ва блогерлар учун пресс-тур ташкил этилган.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

Шунингдек, фестиваль доирасида «Анъанавий зардўзлик ва заргарлик, каштадўзлик санъатини ривожлантириш истиқболлари» мавзусидаги илмий-амалий анжуманда 22 давлатдан 33 нафар хорижлик ва 20 нафар ўзбекистонлик олим, шунингдек, 9 давлатдан 11 нафар мутахассис онлайн иштирок этиши режалаштирилган. Бундан ташқари, «Bukhara Fashion days» мода ҳафталиги, халқ сайллари, ош танловлари, маҳаллий ва хорижий ҳунармандларнинг маҳорат дарслари ўтказилади.

Шу билан бирга, «Ўзбекистон заргарлик ва зардўзлик санъати» ва «Зардўзлик санъати» номли китоблар тақдимоти, Бухоро шаҳридаги мавжуд машҳур зардўз ва заргарлар устахоналарига экскурсиялар уюштирилади.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

«Bugun.uz» мухбирига кўра, Жаҳон ҳунармандлар кенгаши томонидан Бухоро шаҳрига Жаҳон ҳунармандлар шаҳри мақоми берилгани тўғрисидаги сертификат топширилади. Жаҳон ҳунармандлари шаҳри унвони 2014 йилда ташкил этилган бўлиб, шу кунгача унга жаҳоннинг турли мамлакатларидаги 30 та шаҳар сазовор бўлган.

Маълумот ўрнида, фестиваль якунида ғолиб ташкилот ва ҳунармандларга 3-5 минг АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти берилади. Фестивалда иштирок этиш учун хорижий мамлакатлар заргарлари томонидан 22 килограмм кумуш, 10 килограмм олтин буюм маҳсулотлари олиб келинган.

Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»
Фото: «Bugun.uz»

Эслатиб бўтамиз, аввалроқ мазкур фестивалини ўтказиш учун қанча маблағ ажратилгани айтилганди. Туризм ва маданий мерос вазирлиги ташаббуси билан фестивалига республиканинг барча вилоятларидан иштирокчиларга қулайлик яратиш мақсадида Бухорога Тошкент ва Фарғонадан қўшимча авиақатновлар йўлга қўйилган. Шунингдек, 21 май куни ўтказилиши режалаштирилган театрлаштирилган концерт дастури об-ҳаво ноқулайлиги боис бошқа кунга қолдирилган.

Bugun — LIVE