Бухоро, Жамият - 23:27 · 21.05.2022

Бухорода мактаб директори 8-синф қизни калтаклади — видео

Бухоро вилоятининг шу номдаги туманида жойлашган 26-умумтаълим мактаби директори 8-синф қизни калтаклагани хабар қилинди. Вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Кадр: Telegram

Маълум қилинишича, ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида вилоят халқ таълими бошқармаси масъуллари томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, тегишли ташкилотлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамкорлигида ўрганиш ишлари олиб борилган.

Жараён давомида 8-синфда таҳсил олаётган ўқувчи қиз мактабнинг «Одоб-ахлоқ қоидалари»га риоя қилмагани сабабли мактаб директори уни жазолаш мақсадида калтаклагани аниқланган.

Ўз вазифасини бажаришда қўпол хатоликка йўл қўйиб ўқувчига нисбатан куч ишлатишга уринган мактаб директорининг хатти-ҳаракатлари юзасидан Ички ишлар бошқармаси томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Вилоят халқ таълими бошқармаси мазкур ҳолат бўйича тегишли қонуний чорраларни кўришини билдирган.

Аввалроқ Андижон вилояти Пахтаобод туманида ўқитувчи қўпол муомалада бўлган ўқувчини калтаклаганди. Шунингдек, Сурхондарёда ўқитувчи дарсга тайёрланмаган ўқувчини калтаклаганди.

Bugun — LIVE